Тошкент ҳавосини ифлослантирган ҳолат сабаблари маълум бўлди
Жорий йил 11 июль куни Тошкент осмонини қоплаган тутун ва ҳаводаги ўткир ҳид кўплаб пойтахт аҳолисини хавотирга солган эди.
Ижтимоий тармоқларда турли тахминлар юзага келди. Расмий ўрганишлар ушбу экологик ҳолатнинг асл сабабларини очиқлади.
Маълум бўлишича, муаммо чиқиндилар полигонида ёнғиннинг ўз вақтида бартараф этилмагани билан боғлиқ.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси экополиция ходимлари томонидан 11-12 июль кунлари Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши юзасидан ўтказилган ўрганишларда Оҳангарон туманидаги “Янги ҳаёт” қўрғони ҳудудида жойлашган маиший чиқиндилар полигонида чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани аниқланган.
Маълумотларга кўра, айнан шу қоидабузарликлар оқибатида 2026 йил 10 июль куни полигонда ёнғин келиб чиққан. Шу куниёқ Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси мутахассислари ҳудудда ўрганиш ўтказиб, полигон раҳбарини маъмурий жавобгарликка тортган ҳамда ёнғинни зудлик билан бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатма берган.
Бироқ экополициянинг қайта текширувида мазкур кўрсатмалар бажарилмагани, ёнғин 11 июль куни ҳам давом этгани маълум бўлди. Шу муносабат билан полигон раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 2-қисми асосида такроран жарима қўлланилди.
Энг хавотирлиси эса лаборатория таҳлиллари натижалари бўлди. Ўлчовларга кўра, ёнғин оқибатида атмосферага чиқарилган зарарли моддалар белгиланган меъёрдан бир неча баробар ошган. Жумладан углерод оксиди — 10,7 баробар, формальдегид — 12,2 баробар, азот икки оксиди — 12,8 баробар, олтингугурт икки оксиди — 9 баробар, водород сульфид — 1,5 баробар юқори экани қайд этилган.
Мутахассислар ифлосланган ҳавонинг Тошкент шаҳрига етиб келишида об-ҳаво шароити ҳам муҳим омил бўлганини таъкидламоқда. Метеорологик кузатувларга кўра, 11 июль куни кечқурун аввал шамолсизлик кузатилган, кейин эса шамол шарқий ва жануби-шарқий йўналишдан, яъни Оҳангарон томондан пойтахт сари эсган. Натижада ҳаво сифати мониторинги станцияларида PM₂,₅ ва PM₁₀ майда заррачалари концентрацияси кескин ошган.
Ўтказилган ҳисоб-китоблар асосида атмосфера ҳавосини ифлослантиргани учун “MAXSUSTRANS-ISHB” давлат унитар корхонасига 683 миллион 870 минг сўм миқдорида қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган. Тегишли ҳужжатлар суд органларига юбориш учун тайёрланмоқда.
Таъкидланишича, Оҳангарон туманидаги мазкур чиқиндилар полигони қурилиши 2021 йилда бошланган бўлса-да, ҳозиргача тўлиқ якунланмаган ва расман фойдаланишга топширилмаган. Шунга қарамасдан, 2025 йил май ойидан буён Тошкент шаҳрида ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар айнан шу ҳудудга олиб келиниб жойлаштириб келинмоқда.
Мазкур ҳолат чиқиндиларни бошқариш тизимида экологик хавфсизлик талабларига қатъий амал қилиш, полигонлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш ҳамда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларнинг олдини олиш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА