Тошкент дунёнинг энг йирик мингта шаҳарлари орасида 343-ўринни эгаллади
Тошкент “Global Cities Index 2026” рейтингида бир йил ичида 128 поғонага кўтарилиб, дунёнинг 1 000 та йирик шаҳри орасида 343-ўринни эгаллади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, иқтисодиёт бўйича ўсиш ҳам янада сезиларли натижаларни бермоқда. Пойтахт 558-ўриндан 188-ўринга чиқди.
Инсон капитали бўйича натижалар ҳам аниқланди. Тошкент бу йўналишда 2024 йилда 136-ўринда, 2025 йилда 123-ўринда эди. Бу йил эса 108-ўринга кўтарилди. Уч йил кетма-кет яхшиланаётган бу кўрсаткич ортида шаҳарда яшаётган ва ишлаётган инсонларнинг билими, кўникмаси ва салоҳияти турибди.
Тошкентдаги ўзгаришларни бошқа халқаро тадқиқотлар ҳам қайд этмоқда. Boston Consulting Group’нинг эълон қилинган "Built to Change: How Cities Compete for the Future" тадқиқотида пойтахт ўзгаришлар суръати бўйича 80 та шаҳар орасида Шенчжен ва Ар-Риёддан кейин учинчи ўринни эгаллади.
Иқтисодий фаолликдаги ўзгаришлар суръати бўйича эса биринчи бўлди. Тадқиқот 200 дан ортиқ кўрсаткич ва 24 минг нафар шаҳар аҳолисининг фикрини қамраб олади.
-Бу рақамлар ортида ҳар куни ўз ишини бажараётган одамлар бор, – деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Қосимова. – Булар ўқитувчилар, шифокорлар, муҳандислар, тадбиркорлар, шаҳар хизматлари ходимлари, талабалар ва ёш мутахассислар. Тошкент уларнинг меҳнати ва ташаббуси билан ривожланмоқда. Шунинг учун шаҳар ҳақидаги қарорлар марказида ҳам инсон туриши керак. Oxford Economics Тошкентни Cities to Watch — келгусидаги ривожи алоҳида кузатиб бориладиган шаҳарлар қаторига киритгани ҳам биз учун катта эътироф. Шу билан бирга, рейтингдаги ўрин одамлар кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришни сезгандагина чинакам аҳамият касб этади. Тоза ҳаво, қулай кўчалар ва ҳар бир тумандаги яшаш шароити бўйича ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Иқтисодий ўсиш эса тошкентликлар учун ўқиш, ишлаш, бизнес бошлаш ва фарзандларини улғайтиришда кенгроқ имкониятларга айланиши керак. Эришилган натижадан биргаликда фахрланишимиз мумкин. Энди бу ўсиш самарасини ҳар бир тошкентлик ҳис қилиши учун ишлашда давом этамиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА