
2025 йил 12 март куни QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан “QS by Subject-2025” рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети биринчи марта “Ижтимоий фанлар ва менежмент” йўналишидаги “Иқтисодиёт ва эконометрика” (Economics and Econometrics) соҳасида жаҳоннинг нуфузли “ТОП–500” университетлари қаторига кириб, 401-450-поғоналарда қайд этилди.
Шу билан бирга, ТДИУ QS рейтингининг ушбу йўналишида Ўзбекистондаги ягона олий таълим муассасаси сифатида эътироф этилди.
Бу муваффақият университетнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини кенгайтириш, халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва таълим сифати бўйича узоқ муддатли стратегиясининг самарали натижаси ҳисобланади. Ушбу ютуқ ТДИУнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириб, янги марраларга эришиш учун университет жамоасига кучли рағбат ва имконият яратади.
Шунингдек, ТДИУ миллий ва халқаро рейтингларда юқори натижалар қайд этиб келмоқда. Хусусан, у QS Stars рейтингида 5 юлдуз олган Марказий Осиёдаги иккинчи ва Ўзбекистондаги биринчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.
QS (Quacquarelli Symonds) – бу дунёдаги энг нуфузли таълим рейтингларини тузувчи халқаро ташкилотлардан бири. У асосан олий таълим муассасаларини баҳолаш билан шуғулланади. QS рейтинглари тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар фикри асосида академик обрў, битирувчиларнинг ишга жойлашиш имкониятлари бўйича иш берувчиларнинг фикри, талабалар ва ўқитувчилар нисбати, илмий мақолалар ва иқтибослар сони халқаро талабалар ва профессор-ўқитувчилар улуши каби турли мезонларга асосланади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА