Тошкент – Боку ҳамкорлигининг янги минтақавий формуласи
Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат байроқларининг ёнма-ён ҳилпираши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичини намоён этмоқда. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг юртимизга давлат ташрифи оддий дипломатик тадбир эмас, балки у икки қардош ўлка ўртасида сўнгги йилларда шаклланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг изчил институционаллашиб бораётганини кўрсатувчи муҳим сиёсий воқеадир.
ЎзА мухбири мазкур тарихий ташрифнинг аҳамияти, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари, ҳамкорликнинг ҳозирги босқичи ва истиқболлари хусусида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Нуриддин Қалқонов фикрларини ёзиб олди.

– Мамлакатларимиз муносабатларининг бугунги мазмунини фақат икки томонлама дипломатик алоқалар доирасида баҳолаш этарли эмас, албатта. Бинобарин, ушбу алоқалар Марказий Осиё, Каспий бўйи ва Жанубий Кавказни боғловчи кенг геоиқтисодий макон шаклланишининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Тарихий Ипак йўлининг икки муҳим географик нуқтаси – Марказий Осиё ва Кавказнинг замонавий транспорт, савдо, энергетика ва инвестиция тармоқлари орқали қайтадан бир-бирига боғланиши бу жараёнга алоҳида мазмун бағишламоқда, дейиш мумкин.
Қайд этиш керакки, ўзбек ва озарбайжон халқларини бирлаштириб турувчи маънавий-маданий ришталар асрлар давомида шаклланган. Уларнинг умумий тарихий хотираси, туркий-маданий илдизлари, адабий анъаналари ва маънавий қадриятлари бугунги давлатлараро муносабатлар учун муҳим ижтимоий асос вазифасини бажармоқда. Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий каби буюк мутафаккирлар ижодида намоён бўлган муштарак маънавий муҳит бу яқинликнинг тарихий илдизлари чуқур эканини кўрсатади.
Эътиборлиси, замонавий Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг ўзига хослиги шундаки, тарихий-маданий яқинлик сўнгги йилларда аниқ сиёсий ва иқтисодий институтлар билан тўлдирилмоқда. 2024 йил 23 августда Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари томонидан Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши икки давлат муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиқди. Ушбу ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ҳам ўтказилди.
2025 йил 2 июлда Бокуда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилиб, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025-2029 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Шунингдек, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга этказиш дастури, саноат кооперацияси дастури ва қатор бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса иттифоқчилик муносабатларининг декларатив эмас, балки аниқ механизм ва лойиҳаларга таянаётганини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, 2026 йил август ойидаги ташрифни мазкур жараённинг навбатдаги босқичи сифатида баҳолаш мумкин. Яъни, икки давлат муносабатларида “дўстлик ва қардошлик” тушунчаларидан “институционал иттифоқчилик” моделига ўтиш жараёни тобора чуқурлашмоқда.
Икки қардош юрт ҳамкорлигининг муҳим хусусиятларидан бири унинг марказий ҳукуматлар даражасидагина эмас, балки ҳудудлар ва шаҳарлар кесимида ҳам ривожланаётганидир. 2024 йилда Тошкент-Боку, Шаҳрисабз-Бейлаган, Жиззах-Губа каби шаҳарлар ўртасида ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилди. 2025 йилда эса ҳудудлараро ҳамкорлик янада кенгайиб, Тошкент вилояти-Сумғайит ва Навоий-Габала ўртасида эгизак шаҳар муносабатларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Бу жараённи оддий маъмурий ҳамкорлик сифатида эмас, балки “ҳудудлар дипломатияси”нинг шаклланиши сифатида баҳолаш мумкин. Чунки ҳудудлараро алоқалар орқали инвестиция, туризм, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, таълим ва маданият соҳаларида тўғридан-тўғри муносабатлар учун янги каналлар пайдо бўлмоқда.
Жорий йил 22 август куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон-Озарбайжон ҳудудларининг IV форумида 420 га яқин компания иштирок этгани ҳам ушбу йўналишнинг амалий аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради. Форумда инвестиция ва савдо лойиҳалари портфели 10 миллиард доллардан ошгани қайд этилди. Демак, иттифоқчиликнинг иқтисодий пойдевори нафақат пойтахтлар ўртасидаги келишувлар, балки ҳудудларнинг бевосита манфаатдорлиги ва бизнес субъектларининг фаоллиги орқали ҳам мустаҳкамланмоқда.
Икки давлат муносабатларининг яна бир муҳим жиҳати – уларнинг инсонлар ўртасидаги алоқалар билан бойиб бораётганидир. Туризм, маданият, таълим ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги алоқалар халқ дипломатиясининг муҳим элементларига айланмоқда. Айниқса, Ўзбекистоннинг Фузулий шаҳрида замонавий мактаб барпо этиш ташаббуси икки давлат ўртасидаги қардошликнинг рамзий ифодаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Мирзо Улуғбек номидаги мазкур мактаб қарийб минг нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, замонавий ўқув хоналари, лабораториялар, компьютер хоналари, спорт ва маданий инфратузилма билан таъминланган.
Бундай гуманитар ташаббусларнинг аҳамияти иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанмайди. Улар халқлар ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат ва бирдамлик туйғуларини мустаҳкамлайди. Шу маънода, Фузулийдаги мактабни Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларидаги “инсоний дипломатия”нинг ёрқин намунаси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг геосиёсий аҳамиятини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан бири – расмий Бокунинг Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий мулоқот механизмларига тўлиқ интеграциялашувидир. 2025 йил 16 ноябрда Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг эттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг ушбу форматда тўлиқ иштирокчи сифатида қабул қилиниши тарихий қарор бўлди. Расмий ҳужжатларда Озарбайжоннинг тўлиқ иштирокини назарда тутувчи алоҳида қарор қабул қилинган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур қарорни Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида “мустаҳкам кўприк” барпо этишга хизмат қиладиган стратегик қадам сифатида баҳолаган.
Шу нуқтаи назардан, “С5”дан “С6”га ўтиш ибораси фақат сон ўзгаришини англатмайди. У Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг Каспий денгизи орқали ягона стратегик макон сифатида шаклланаётганини ифодалайди. Бу маконда Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан қитъа марказида жойлашгани, Озарбайжоннинг эса Каспий ва Кавказ орқали Европа бозорларига чиқиш имконияти икки давлатни табиий стратегик ҳамкорларга айлантирмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон – Озарбайжон тандеми нафақат икки томонлама муносабатлар, балки Марказий Осиё-Каспий-Жанубий Кавказ-Европа ўртасидаги янги иқтисодий ва транспорт маконини шакллантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Иттифоқчилик муносабатларининг барқарорлиги кўп жиҳатдан уларнинг иқтисодий самарадорлиги билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўрсаткичлар сўнгги йилларда сезиларли ўсишни намоён этмоқда.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2026 йил август ойида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида қайд этилишича, 2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилга нисбатан уч баравардан ортиқ ошиб, 795 миллион долларга этган. 2026 йил январь-май ойларида эса ўзаро савдо яна 33 фоизга ўсиб, 144 миллион долларни ташкил этган. Бу рақамлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар энди анъанавий товар айирбошлаш чегарасидан чиқиб, ишлаб чиқариш кооперацияси ва инвестициявий шериклик моделига ўтаётганини кўрсатади. 2025 йилда қабул қилинган савдо айланмасини 2030 йилгача 1 миллиард долларга етказиш дастури ҳам ана шу мақсадни институционал жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Инвестиция соҳасида ҳам янги механизмлар шаклланмоқда. Ўзбекистон – Озарбайжон Инвестиция компанияси 500 миллион долларлик умумий капитал билан икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни молиялаштиришнинг муҳим платформасига айланмоқда. Шу билан бирга, Озарбайжон капитали иштирокида Ўзбекистонда туризм, меҳмонхона, инфратузилма ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, республикамиз капитали иштирокида эса Озарбайжонда 130 дан ортиқ компания фаолият юритаётгани иқтисодий муносабатларнинг икки томонлама характер касб этаётганидан далолат беради.
Таъкидлаш керакки, мамлакатларимиз ҳамкорлигининг энг катта стратегик имкониятларидан бири транспорт-транзит соҳасида намоён бўлмоқда. 2025 йилда икки давлат ўртасидаги транзит юк ташувлари 6,7 фоизга ошиб, 1,4 миллион тоннани ташкил этди. 2026 йил январь-июнь ойларида эса ушбу кўрсаткич яна 12,2 фоизга ўсиб, 675 минг тоннага этди. Бунда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли, Каспий денгизидаги порт инфратузилмаси, Озарбайжон ҳудуди орқали Кавказ ва Европа бозорларига чиқиш имкониятлари ўзаро бир-бирини тўлдирувчи транспорт занжирини шакллантирмоқда.
Айниқса, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини “Ўрта коридор” билан боғлаш истиқболи Марказий Осиё давлатларининг ташқи бозорларга чиқиш географиясини диверсификация қилиш имконини беради. Бу ерда масала фақат юк ташиш тезлиги ёки транспорт харажатларида эмас. Гап минтақа давлатларининг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, транзит маршрутларини диверсификация қилиш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда. Шу маънода, Тошкент-Боку ҳамкорлиги замонавий “Ипак йўли”нинг икки муҳим нуқтасини – Марказий Осиёдаги ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ҳамда Кавказдаги транзит имкониятларини бирлаштирувчи стратегик бўғинга айланмоқда.
Икки давлат ҳамкорлигининг энг истиқболли йўналишларидан яна бири энергетика соҳасидир. Бу ерда анъанавий нефть-газ ҳамкорлиги билан бир қаторда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва “яшил” энергетика инфратузилмасини барпо этиш масалалари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
2024 йил ноябрь ойида Боку шаҳрида Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича стратегик келишувга эришилди. 2025 йилда эса уч мамлакатнинг энергетика ташкилотлари Бокуда “Green Corridor Alliance” қўшма корхонасини ташкил этди. Унинг асосий мақсади Озарбайжон-Марказий Осиё “яшил” энергетика коридорини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергияни экспорт қилиш ва Каспий денгизи тубидан электр узатиш имкониятларини мувофиқлаштиришдан иборат.
Бу лойиҳанинг стратегик аҳамияти шундаки, у энергетикани оддий экспорт товаридан минтақалараро интеграция воситасига айлантиради. Яъни, Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия Каспий орқали Озарбайжон энергетика тизими билан боғланиши, кейинчалик Европа бозорларига чиқиши мумкин. Шундай қилиб, транспорт коридорлари билан бир қаторда “яшил энергетика коридори” ҳам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги янги иқтисодий маконнинг муҳим инфратузилмасига айланиши мумкин.
Ўзбекистон-Озарбайжон иқтисодий ҳамкорлигининг яна бир муҳим жиҳати – ишлаб чиқариш кооперациясининг кенгайиб бораётганидир. “SOCAR” ва Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасидаги ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, “Turan Energy AFEZCO” қўшма корхонаси фаолияти икки мамлакатнинг энергетика ва нефть-кимё тармоқларини боғлашга хизмат қилмоқда. Мазкур корхона Озарбайжоннинг “Азеркимя” ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланган юқори босимли полиэтиленни Ўзбекистонга экспорт қилиш билан шуғулланади.
Автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам амалий натижаларни намоён этмоқда. 2026 йил 13 июль ҳолатига кўра, Озарбайжонда Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида 10 720 та “Chevrolet” автомобили ва 275 та “Isuzu” автобуси ишлаб чиқарилган. Бу рақамлар кооперациянинг оддий экспорт-импорт муносабатларидан фарқли равишда ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштириш босқичига ўтаётганини кўрсатади.
Айтиш лозимки, 2024 йилда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янги босқичга кўтарди. 2025 йилда эса стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025-2029 йилларда амалга ошириш “Йўл харитаси” қабул қилиниши муносабатларнинг узоқ муддатли сиёсий дастурини белгилаб берди. Айни пайтда икки давлатнинг БМТ, ТДТ ва бошқа кўп томонлама платформалардаги ҳамкорлиги ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда.
Бундай ўзаро қўллаб-қувватлаш икки давлатнинг ташқи сиёсатдаги манфаатлари кўп жиҳатдан уйғунлашаётганини кўрсатади. Қолаверса, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда тинчлик, барқарорлик, транспорт боғлиқлиги ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш масалаларида Боку ва Тошкент позицияларининг яқинлиги минтақавий сиёсат учун муҳим омилдир.
Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилигининг геосиёсий моҳиятини учта асосий тушунча орқали ифодалаш мумкин: боғлиқлик, диверсификация ва барқарорлик.
Биринчидан, икки давлат Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида транспорт, энергетика, савдо ва инвестиция алоқаларини кучайтириб, янги минтақавий боғлиқлик архитектурасини яратмоқда.
Иккинчидан, ушбу ҳамкорлик ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга хизмат қилмоқда. Янги транспорт йўналишлари, Каспий портлари, “Ўрта коридор” ва Европа бозорларига чиқиш имкониятлари Марказий Осиё давлатлари учун альтернатив иқтисодий каналларни кенгайтирмоқда.
Учинчидан, иқтисодий ва энергетик боғлиқликнинг кучайиши минтақавий барқарорликка хизмат қилади. Чунки ўзаро манфаатдорлик асосида шаклланган инфратузилмавий лойиҳалар тинчлик ва сиёсий барқарорликни иқтисодий рағбатлар билан мустаҳкамлайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини фақат икки томонлама иттифоқчилик сифатида эмас, балки Марказий Осиё-Каспий-Жанубий Кавказ маконида янги геосиёсий ва геоиқтисодий архитектурани шакллантирувчи омил сифатида кўриб чиқиш мумкин.
Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида тарихий қардошлик замонавий давлат манфаатлари билан уйғунлашмоқда. Сиёсий иттифоқчилик иқтисодий ҳамкорлик билан, иқтисодий ҳамкорлик транспорт ва энергетика лойиҳалари билан, улар эса халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар билан тўлдирилмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилиги – ўтмишга суянган, келажакка йўналтирилган муносабатлар моделидир. Унинг мазмуни фақат икки халқнинг қардошлиги билан чекланмайди. У Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни Каспий денгизи орқали бир-бирига яқинлаштирувчи, Хитойдан Европагача бўлган транспорт ва савдо йўлларини диверсификация қилувчи, “яшил” энергетика учун янги имкониятлар яратувчи ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамловчи кенг геоиқтисодий жараённинг бир қисмига айланмоқда.
Ипак йўли ва Кавказ туташган бу маконда Тошкент ва Бокунинг стратегик шериклиги янги мазмун касб этмоқда. Агар мавжуд келишувлар ва йирик инфратузилмавий лойиҳалар изчил амалга оширилса, Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилиги нафақат икки давлат учун, балки бутун Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ учун барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва ўзаро боғлиқликнинг янги минтақавий моделига айланиши шубҳасиз.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА