
Ватанимиз тарихидаги 23 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1414 йил (бундан 611 йил олдин) – Шоҳрух Мирзо Мозандарон, Астробод ва Журжон вилоятларини идора этишни ўн олти ёшли темурий шаҳзода Бойсунғур Мирзога топширди. Бойсунғур Мирзо Шоҳрух Мирзо билан Гавҳаршодбегимнинг ўғли, Улуғбек Мирзонинг иниси бўлиб, у 1397 йил 16 сентябрда дунёга келган. У табиатан хушчақчақ ва ўқимишли киши бўлган. Бойсунғур Мирзо ўз саройига олиму фузалолар ва шоирларни йиғиб, анжуманлар ўтказиб турган. Ғазалхонликни ёқтирган, ўзи ҳам ғазаллар битган.
1869 йил (бундан 156 йил олдин) – Туркистонда гугуртдан катта фойда олиш мумкинлигини сезган петербурглик истеъфодаги штабс капитан А.Чернявский Туркистон генерал-губернаторлигидан ўлкада гугурт фабрикаси очишга рухсат ва 6 минг сўм қарз сўраб мурожаат қилди. Гугурт фабрикаси Туркистон учун ниҳоятда зарур булса-да, ҳукумат хазинада маблағ етишмаслиги баҳонасида қарз беришни орқага сурди.
Тарихчи олим Нуриддин Мусаевнинг қайд этишича, бу вақтда ишбилармонлар, биринчи навбатда ўз эътиборларини Туркистонда танқис бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратдилар. Айниқса, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган гугурт, совун, шам каби рўзғор буюмларига талаб катта эди. Масалан, ўлкада гугурт ишлаб чиқарилмагани учун у чет эллардан, асосан, Россиядан келтирилган.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Туркистон фронти қўмондони Михаил Фрунзе Туркистондаги барча отларни фронтда фойдаланиш учун мусодара қилиш ҳақида буйруқ берди. Бу буйруққа кўра халқнинг наслли отлари мусодара қилиниб, ҳарбий қабулхоналарга келтирилди. Ҳарбий отрядлар ва советларнинг маъмурий марказлари қўмондонлари, ўргатилган ёки ўргатилмаган бўлишидан қатъи назар, Туркистоннинг барча отларини тортиб олиш учун бир-бири билан рақобатлашарди.
Советларнинг бу кескин чораси вақти-вақти билан миллий истиқлолчилар билан шўролар ўртасида тўқнашувларни келтириб чиқарарди, чунки отлар миллий истиқлолчилар учун ҳарбий ва транспорт воситаси эди. Отлари бўлмаса, миллий истиқлолчилар тез ҳаракатланиш имкониятини бой бериб, жанг пайтида ҳужумга ўта олишмас ва жанг майдонидан тезда чекинишга мажбур бўлишарди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти, актриса ва режиссёр Мукамбар Раҳимова таваллуд топди.
1977 йил (бундан 48 йил олдин) – Қорақалпоғистон Республикасининг жануби-шарқида жойлашган Элликқалъа тумани ташкил этилди. Мазкур туман ҳудудида қадимий Тупроққалъа, Қаватқалъа, Элликқалъа, Қирққизқалъа, Қўрғошинқалъа, Гулдурсун қалъаси каби маданий ёдгорликлар мавжуд.
1990 йил (бундан 35 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Пленуми республика сиёсий тизими тўғрисидаги масалани кўриб чиқди ва унда Ўзбекистон ҳокимиятнинг Президентлик бошқаруви шаклига ўтиши республика суверенитети ва давлатчилигида моҳиятан янги босқич эканлиги таъкидланди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Тошкентдаги Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон учун минтақавий ваколатхонаси тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Чирчиқ шаҳрининг 60 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Тошкентда буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавий ҳайкалининг очилиш маросими бўлди. Маросимда Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентлари иштирок этдилар. Тошкентда Низомий Ганжавий ҳайкалининг очилиши икки қардош халқ – ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа бўлди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади