Тўрақўрғонда 800 мингдан ортиқ кўчатлар экилди
Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган “Яшил йиллик” умуммиллий дастури доирасида кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Шу жумладан, Тўрақўрғон туманида ҳам бу йил баҳорги мавсумда жами 800 мингдан ортиқ мевали ва манзаралари дарахт кўчатлари экилди.

Ҳудудларда қаровсиз ётган бўш майдонларга 150 минг туп терак қаламчалари экиш режалаштирилган. Туман марказида ана шу қаламчалар ва манзарали дарахт кўчатлари маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчиларига тарқатилди.
Тумандаги Кичик Қўрғонча маҳалласи ҳудудида жойлашган “Турсунбой Комилов” фермер хўжалиги майдонида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ҳоким ёрдамчилари эрта тонгданоқ ишга киришди. Ҳар бир маҳалла учун ажратилган 3 сотихлик ерга тегишли маҳаллалар томонидан 6 минг донадан терак қаламчаси ўтқазилди.

- “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси асосида ажратилган ер майдонларида экилаётган терак навниҳоллари маҳаллалар учун эътиборга молик, - дейди “Озод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нозимжон Носиров. – Чунки, бугун экилаётган кўчатлар эгасиз ва эътиборсиз қолмайди. Улар мунтазам маҳалла фаолларининг қаровида бўлади. Қолаверса, бизнинг заминимизда ўсадиган қаламчаларга меҳр билан қаралса, мўл-кўл ҳосил бериши турган гап.
Келгусида эса тераклардан олинадиган даромад ҳудудлардаги кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланади. Қолаверса, ушбу эзгу саъй-ҳаракат орқали атроф-муҳитни яшилликка бурканишига ҳам салмоқли ҳисса қўшилади.

Иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай шароитлар яратиш, яшил майдонларни кўпайтириш ва ўстириш мақсадида ўтказилаётган акция тадбирларида Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳроржон Мансуров бошчилигидаги туман сектор раҳбарлари, корхона, ташкилот, муассасаларнинг мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари, кекса-ю ёш бирдай фаол иштирок этди.
Туманда экилаётган ҳар бир дарахт кўчатлари туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими томонидан “Яшил майдон” платформасига киритилиб, уларни суғоришдан тортиб, парваришлашгача бўлган жараёнлар доимий мониторинг қилиб борилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА