Тўқсонбости экинлар – мўл ҳосил манбаи
Юртимизда шу кунларда ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли тўқсонбости экинларини экиш ишлари авж паллада. Бу деҳқон ва фермер хўжаликлари учун даромад манбаи ҳисобланади.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Бозорбоши ММТП ҳудудидаги “Олимов Зуфаржон боғи” фермер хўжалиги 10,6 гектарда шафтоли, ўрик, бодом дарахтларини парваришламоқда. Мисол учун 1 минг 80 туп шафтолининг “Лола-1” нави, 830 туп ўрикнинг “Суфхони” ва бодомнинг “Тошкент” навидан мўл ҳосил йиғиб олинмоқда. Дарахт қатор ораларига такрорий экинлар, аччиқ қалампир ва сабзи экилган. Шунингдек, тўқсонбости усулида 2 гектар исмалоқ, 1,5 гектар кашнич, 2 гектарга укроп, саримсоқпиёз ҳамда 4,4 гектарга қулупнай парваришланмоқда.
Мазкур хўжаликда қўллаб келинаётган омилкорлик сирларини ва тажрибасини оммалаштириш мақсадида ер эгалари учун кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда 2024 йил ҳосили учун боғ-ток қатор ораларига тўқсонбости экинларини экиш, кузги шудгорлаш ишларини сифатли ва ўз вақтида ўтказиш, дала четларига кўчат экиш, ички ариқ-зовурларни тозалаш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Турсунов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳаитов, туманнинг 4 та сектор раҳбарлари, туман ҳокимияти, тегишли ташкилотлар маҳалла раислари, фермерлар иштирок этди.
Ўтказилган семинарда боғ, сабзавот, тутчилик ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари раҳбарларига об-ҳавонинг қулайлигидан фойдаланган ҳолда, тўқсонбости экинларини экиш ишларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Бундан ташқари агротехник тадбирларни амалга ошириш, боғ қатор ораларига кузги экинларни экишни ташкил қилиш, дала четларига узум кўчатлари ҳамда тут кўчатлари экиш бўйича тушунчалар берилди.
Сўнгра Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А,Ҳаитов Учкўприк, Бувайда, Риштон туманларида бўлиб, сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва фермерлар билан учрашди. 2024 йил ҳосили учун боғ - токларни шудгорлаш, тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб экинларни оқилона жойлаштириш, боғ ва токзорлар ораларига тўқсонбости экинларини экиш борасида бир қатор масалалар юзасидан келишиб олинди.
Н.Бозорова, ЎзА мухбири