Томорқаси борнинг хазинаси бор
Бугун ҳаракат қилган одам кам бўлмайди. Айниқса, томорқадан унумли фойдаланиш ортидан ҳам ишли, ҳам даромадли бўлаётганларнинг сафи тобора ортаётгани қувонарли ҳол.
Қашқарё вилояти Ғузор тумани Янгиобод маҳалласидаги ушбу хонадон кўрган кўзни қувнатадиган манзараси билан бошқа ҳовлилардан ажралиб туради. Хонадон бекасининг асосий вақти ушбу иссиқхонада ўтади. Турмуш ўртоғи кўмагида гул кўчатларини экади, уларни парваришлайди. Аста- секинлик билан оила етиштирилган гулларни бозорга чиқариш ва ундан даромад олишни ҳам йўлга қўйишди. Албатта, биринчи навбатда гулчилик илмини эгаллаш, бозорбоп навларни кўпайтириш ҳаммасидан муҳим саналарди. Қолаверса, фаолиятни кенгайтириш учун бироз маблағ ва кўмак ҳам зарар қилмасди. Банк томонидан ажратилган кредит маблағи эвазига иссиқхона майдони кенгайтирилди.
-- Айни пайтда 100 турдан ортиқ гулларимиз бор, -- дейди Бегали Тўраев. – Уларнинг ҳар бири алоҳида шароит, алоҳида парвариш талаб этади. Масалан, бири иссиқни хоҳламайди, бошқаси қуёшни. Ёки бири сувни кўп талаб қилади, бошқаси эса кам. Хуллас, ҳар бирини парваришлашнинг ўз технологияси бор. Шунга қараб, ҳар бирини алоҳида парвариш қиламиз. Лекин барча гулларнинг бир жиҳати ўхшаш – ҳаммаси меҳр ва эътиборни сезишади. Парваришда белгиланган технологияга қанчалик риоя қилманг, меҳр ва эътиборсиз гулни парваришлай олмайсиз.
Бугун иссиқхонага кирган кишининг кайфияти кўтарилади. У ердаги анвойи гуллардан яшнаб турган манзара ҳам аслида меҳнат маҳсули. Меҳнатга яраша даромад ҳам бор. Айнан шу иш ортидан йилига 40-50 миллион сўм даромад ҳам топилмоқда.
Оилага берилган тавсиялар ва фаолиятни кенгайтириш борасида кўрсатилган йўл-йўриқ маҳаллада гулчиликни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшмоқда, дейди маҳалла масъуллари.
[gallery-17376]
Бундан ташқари, хонадонда намуна бўладиган кўплаб жиҳатларни кўриш мумкин. Муҳими, томорқада бўш ернинг ўзи йўқ. Айтиш мумкинки, бугун фуқароларнинг томорқага бўлган муносабати тубдан ўзгармоқда. Бир пайтлар шунчаки чорва учун озуқа экилган томорқаларда эндиликда, рўзғорбоп маҳсулотлар, даромадли йўналишлар ривожланмоқда. Мақсад томорқа ерларидан фойдаланиш даражасини ошириш, шу орқали аҳоли даромадлари ва фаровонлигини юксалтиришга эришишдир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари