Томорқачилик яхлит тизимга айланди
Қишлоқ хўжалиги
Аввалги қишлоқ аҳолиси билан бугунги қишлоқ одамлари ҳақида гап борганида, уларнинг ҳаёт тарзи, яшаш даражаси, даромадида сезиларли фарқ юзага келгани кўзга ташланади. Аввало, халқимизда бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш, кичик томорқадан ҳам яхшигина даромад олиш кўникмаси шаклланди. Бу ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ, албатта. Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ўз томорқасида экин-текин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.
Юртимизда 5,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари 508 минг гектар ер майдонларида деҳқончилик қилмоқда. Хонадон томорқасида ҳар ким ўз имконияти, ихтиёрига қараб маҳсулот етиштиради. Талабгорлар орасида мева-сабзавотчиликка қизиқадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айримлар бу иш билан аввалдан шуғулланиб келган бўлса, баъзилар тажрибали деҳқонлардан ишнинг ҳадисини олиб, сўнг жараёнга киришади.
Асосийси, вақтини ҳам, ҳовлидаги ер майдонини ҳам бўш қолдирмай, оиласи даромадига ҳисса қўшади. Ана шундай талаблар асосида жорий йил эрта баҳорда республика бўйича 2 миллион аҳоли хонадони томорқаларига жами 14,2 миллион дона мевали кўчатлар экиш ишлари ташкиллаштирилди.

Кўчатлар орасида узум дейсизми, олма ёки шафтолими бари топилади. Жами экилган мевали кўчатларнинг турлари бўйича таҳлил қилинганда, ток 42 фоиз, олма 10,2, ўрик 9,3, гилос 5,8, анор 5,3, шафтоли 4,4, нок 3,9, беҳи 3,7, лимон 3 ва бошқа дарахт турлари 12,1 фоизни ташкил этди. Одамлар даромадга эга бўлсин, дея тадбиркорлар ҳам бу ишларга ўз ҳиссасини қўшди. 668,1 минг туп мевали дарахт кўчати ҳудудларда фалолият юртаётган фермер хўжаликлари, томорқа хизмати корхоналари ва тадбиркорлар томонидан аҳолига арзон нархларда етказиб берилди.
Хонадон томорқаларидан фойдаланишнинг яна бир самарали усули иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобланади. Бу орқали ҳам яхшигина даромад, ҳам йилига 2-3 марта ҳосил олиш мумкин. Оила аъзолардан ташқари, қўшимча бир неча кишини иш билан таъминлаш имконияти ҳам бор.
Янги иш ўринлари яратиш, айрим инсонлардаги боқимандалик кайфиятини йўқотиш, уларни тадбиркорлик соҳасига, аҳолини шахсий томорқадан самарали фойдаланишга кенг йўналтириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 152,4 минг хонадондаги жами 2 591 гектар майдонга ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Айни пайтда республикамиздаги 696,9 мингдан зиёд хонадонда ихчам иссиқхоналар мавжуд бўлиб, аҳоли уларда меҳнат қилиб, рўзғорига қўшимча даромад киритяпти.
Жумладан, Пахтачи туманида истиқомат қилувчи Нодира Эгамбердиева, Зокир Эштанов, Бердулла Эгамбердиев, Ваҳоб Норқуловлар ихчам иссиқхонада маҳсулот етиштириб, ўртача 50-80 миллион сўмдан даромад олмоқда.
Аҳамиятлиси, бундай иссиқхоналарни қуриб, аҳолига имтиёзли кредитлар асосида топширишда “Томорқа хизмати” МЧЖ корхонларининг ҳиссаси катта бўляпти.
Ҳудудларда томорқа билан ишлайдиган, аҳолига моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилиб, “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳолига деҳқончилик ишларини бошлашда катта кўмак бермоқда.
2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналарига йил сайин талаб ортиб бораётир. 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан республикамиз бўйлаб 3 мингдан ортиқ “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундай корхоналар иш бошлаган илк куниданоқ аҳолига кўмакчи бўлиб, одамларнинг томорқаларга экин экиш, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қўй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.
Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, 2024 йилнинг сўнги ўтган 6 ойи давомида “Томорқа хизмати” корхоналарида 417 та мева-сабзавотларни совутиш омбори, 607 та сақлаш омбори, 403 та мевани саралаш, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш линиялари ташкил қилинди. Мазкур йўналишлар учун Кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 378.2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Соҳа ривожида кластерлар фаолияти муҳим драйверга айланаётгани сир эмас. Қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари қаторида ўтган йилдан бошлаб “Томорқа хизмати” кластерлари ҳам ташкил этиляпти. Хусусан, айни вақтда мева-сабзавот кўп етиштириладиган туманларда 12 та йўналиш бўйича 68 та томорқа хизмати кластери иш олиб бормоқда. Улар томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштиради.
Умуман, бугун иш фаолиятини олиб бораётган кўпгина “Томорқа хизмати” МЧЖлар мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли томорқаларида етиштирилган ҳамда кластерлар томонидан қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ички бозорларимиздан ташқари, хорижга экспорт қилишга ҳам эришяпти.
Жумладан, 30 та “Томорқа хизмати” корхонаси томонидан 15 миллион долларлик 65.7 минг тонна маҳсулот Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Россия, Украина, Германия, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Хитой, Малайзия ва бир қатор Европа малакатларига жўнатилди.
Ер олиб, экин эккан билан ҳосил мўл бўлавермайди. Яхши натижага эришиш учун билим, тажриба зарур. Ҳудудларда маҳаллабай ишлаш тизими, уйма-уй юриш орқали тарғибот ишларини олиб бориш, маҳаллаларда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишларнинг тизимли йўлга қўйилиши аҳолига қулайлик яратяпти.
Ушбу тизим натижасида республика бўйича 5 минг 145 та маҳалла муайян бир турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилди. Шу тариқа, сабзавотчилик, картошкачилик, мевачилик ва боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа йўналишлар маҳаллалар миқёсида ривожлантириляпти.
Хонадонларнинг бир маҳсулотни етиштиришга ихтисослашиши қатор афзалликларга эга. Аввало, “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан битта маҳаллага бир маҳсулот уруғи ёки кўчати етказиб берилиши ҳисобига хонадонлар эгаларининг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Маҳсулот пишиб етилганидан кейин ҳам харидор топишда муаммолар бўлмайди. Бир маҳсулотни катта ҳажмда олувчи харидорлар доим топилади.
Биргина, эртаки картошканинг плёнка остига экилиши ҳисобига маҳсулот нархи ўсишининг олди олинмоқда. Аввалдан картошкачилик билан шуғулланган хонадон эгаларининг ҳам янгича тизим ортидан кўпроқ даромад олиш имконияти ошади.
Зафар Мирзааҳмедов,
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси
ЎзА