Томорқа оилага тўкинлик олиб келади
Бугунги кунда аҳоли даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорларимизни маҳаллий маҳсулотлар билан бойитишда томорқа, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги муҳим ўрин тутмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти Олот тумани Қумкашон маҳалласида яшовчи Ўктам Наврўзов хонадони 25 сотих томорқадан унумли фойдаланиб, деҳқончиликнинг ҳар бир йўналишида юксак натижаларга эришмоқда. Хусусан, 3 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада “Ведрана” навли булғор қалампири экилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир кўчатдан бир мавсумда ўртача 3 килограммдан ортиқ ҳосил олиниши кутилмоқда. Бу эса умумий ҳисобда 3 тоннага яқин ҳосил ва 40 миллион сўмдан ортиқ даромад деганидир.

Бундан ташқари, хонадоннинг яна 3 сотих майдонида шолғом етиштирилган. Шунингдек, қизил лавлаги, бақлажон ва кўкатлар етиштириш ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилган. Боғдорчилик йўналишида эса оила 500 килограммдан ортиқ анор ҳосили йиғиб олди. Анорнинг нордон-ширин навлари сақлашга қўйилган, ортиқча ҳосил эса маҳалладошларга сотилмоқда. Шу билан бирга, бу йил 1 тоннадан ортиқ хурмо ҳосили кутилмоқда бу ҳам оила бюджетига муносиб қўшимча даромад келтиради. Наврўзовлар хонадонида ҳар бир қарич ер қадрланади.

Шунингдек, вилоятнинг Қоракўл тумани Дўрман маҳалласида яшовчи Файзулло Олимов иссиқхоначилик сирларини пухта ўзлаштирган миришкорлардан. У ўз томорқасида замонавий иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, помидорнинг ҳосилдор “Бетис Ф1” навини етиштирмоқда. Ўтган мавсумда 300 миллион сўм соф даромад олган деҳқон бу йил иссиқхона майдонини кенгайтириб, ҳосилдорликни янада оширишни мақсад қилган.

Уста деҳоқннинг айтишича, помидор экинларини касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун иссиқхонада биологик усуллар қўлланилиб, кимёвий моддалардан деярли фойдаланилмайди. Шунингдек, ҳар бир экин қатори орасида шамоллатиш учун етарли масофа қолдирилган. Файзулло Олимовнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, тўғри ёндашув ва меҳнатсеварлик билан ҳар бир томорқа баракали даромад манбаига айланиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА