Томорқа — оила фаровонлиги ва даромад манбаи
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, хонадонларда тадбиркорлик ва даромад топиш имкониятларини кенгайтириш, энг муҳими, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада томорқачиликни ривожлантириш, аҳолини ерга меҳр билан ишлашга рағбатлантириш ва оилаларнинг қўшимча даромад манбаларини яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги “Пайкенд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зокир Ҳамроқулов хонадонига кирган киши бу ташаббусларнинг ҳаётдаги амалий ифодасини кўради. Бу ерда бир қарич ҳам ер бекор ётгани йўқ. Ҳар бир майдонга экилган экин, парваришланаётган кўчат ва пишиб етилаётган ҳосил ортида оиланинг меҳнати, тажрибаси ва ерга бўлган меҳри мужассам.
Зокир ака томорқадан фойдаланишда мавсумийликка алоҳида эътибор қаратади. Иссиқхонада қиш мавсумида етиштирилган помидор оила бюджетига 25 миллион сўм даромад келтирди. Ундан кейин экилган бодринг ҳосили эса 10 миллион сўмдан ортиқ фойда берди. Ҳозир иссиқхонада турли кўкатлар парваришланмоқда. Демак, бир майдондан йил давомида бир неча марта ҳосил олиш, ернинг имкониятини тўлиқ ишга солиш мумкин.
Томорқанинг яна бир қисмида эса қулупнайлар пишиб, хонадонга файз бағишламоқда. Зокир ака етиштирган маҳсулотларини кун ора бозорга олиб чиқиб сотади. Бу орқали ойига 2 миллион сўмдан зиёд даромад топмоқда.
— Меҳнат қилган одам албатта ҳосилини кўради. Мен учун томорқа нафақат озиқ-овқат манбаи, балки бутун оиламизнинг даромад эшиги. Ҳар куни эрталаб ҳовлига чиқиб, ниҳолларни кўрсам, кўнглим яйрайди. Бир қарич ер ҳам бекор турмаслиги керак. Ким меҳнат қилса, рўзғорида барака бўлади. Бугун даромад топишни истаган одам, аввало, ўз томорқасига эътибор бериши зарур. Биз оиламиз билан меҳнат қилиб, нафақат рўзғоримизни бутлаяпмиз, балки бозорга ҳам сифатли маҳсулот етказиб беряпмиз. Энг муҳими, бу — ҳалол меҳнатнинг баракаси, — дейди Зокир ака.

Дарҳақиқат, бу хонадонда томорқанинг ҳар бир қаричи ўз вазифасига эга. Бир томонда сабзи, карам, бақлажон ва булғор қалампири етиштирилаётган бўлса, бошқа тарафда шохлари ҳосилдан эгилган анор дарахтлари кўзни қувонтиради. Узумнинг бир неча нави парваришланиб, мўл ҳосил бермоқда. Хонадонда чорвачилик ҳам йўлга қўйилган. Оғилхонада боқилаётган эчкилар эса оиланинг озиқ-овқат таъминоти ва даромадига қўшимча ҳисса қўшмоқда.
Бу ерда эътиборни тортадиган жиҳат фақат маҳсулотлар хилма-хиллиги ёки олинаётган даромад эмас. Асосийси, бир қарич ердан ҳам бир неча йўналишда фойдаланиш, мавсумларни тўғри режалаштириш, деҳқончиликни чорвачилик билан уйғунлаштириш тажрибаси шаклланган. Бу эса томорқани шунчаки ҳовли атрофидаги ер эмас, балки кичик оилавий хўжалик ва барқарор даромад манбаига айлантириш мумкинлигини кўрсатади.
Бугун Ҳамроқуловлар оиласининг умумий йиллик даромади 100 миллион сўмга яқинлашган. Бу натижа тасодифан қўлга киритилмаган. Унинг замирида ердан оқилона фойдаланиш, меҳнатни тўғри ташкил этиш, ҳар бир мавсумнинг имкониятларини ҳисобга олиш ва доимий изланиш бор.

Зокир Ҳамроқуловнинг тажрибаси Пайкенд маҳалласидаги бошқа хонадонлар учун ҳам ўрнак бўла олади. Чунки томорқадан унумли фойдаланиш нафақат оила дастурхонини тўкин қилади, балки бозорлар тўкинлигига, аҳоли бандлигига ва ҳудуд иқтисодий салоҳияти ошишига ҳам хизмат қилади.
Энг муҳими, фаровонлик ҳар доим ҳам катта сармоя ёки кенг имкониятдан бошланмайди. Баъзан у инсоннинг ўз ҳовлисидаги бир қарич ерга бўлган муносабатидан, экиладиган бир ниҳолга кўрсатган эътиборидан бошланади. Зеро, ерга меҳр берган инсон ундан барака олади. Томорқасини қадрлаган оила эса ўз фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири