Тўлов хизматини ривожлантириш йўлида
Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки томонидан “BeeLab” масъулияти чекланган жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилган.
Beeline Uzbekistan нинг ушбу шўъба корхонаси IT-парк резиденти ва компаниянинг шахсий digital-маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Лицензия Beepul мустақил тўлов хизматини ривожлантириш, digital-оператор мижозлари учун молиявий ва тўлов хизматларини кенгайтириш имконини беради.
– Энди биз кўп сонли ҳамкорлар билан ишлай оламиз, – дейди BeeLab операцион директори Эрнест Ризаев. – Биз учун бу Ўзбекистондаги молиявий технологиялар ва хизматлар бозоридаги иштирокимизни кучайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.
Бугунги кунда Beepul рўйхатида тўлов учун 500 дан ортиқ хизматлар мавжуд. Мобиль илова орқали сиз таълим, суғурта, тиббий хизматлар, мобиль алоқа, интернет учун тўловларни тезда амалга оширишингиз мумкин.
–Биз оддий ва ишончли хизматлардан фойдаланган ҳолда максимал даражада қулай ҳамда тушунарли экотизимни яратишга интиламиз, шу тариқа, мижозларимиз кундалик ҳаётида вақтини, пулини ва кучини тежаш имкониятига эга бўлади, – дея таъкидлайди Beeline Uzbekistan digital-технологиялар бўйича директори Тилак Ахматов. – Мақсадимиз Ўзбекистонда тўлиқ ғоядан тайёр маҳсулот бўлгунга қадар яратилган шахсий digital-хизмат ва турли хил иловаларимизни ривожлантиришдан иборат.
Айни пайтда корхонада 1,6 мингга яқин ишчи меҳнат қилмоқда.
2006 йилдан буён VEON Ўзбекистон бозорига кириши билан мамлакат телекоммуникация соҳасига 1,2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди. Ўзбекистонда “Beeline” савдо белгиси остидаги фаолияти давомида 1,8 миллиард доллардан ортиқ солиқ тўланган.
О. Харченко, ЎзА