Гўзал табиати манзаралари билан инсонни мафтун этадиган Сурхондарё вилоятида олтин куз таровати қалбларга ором, кўнгилларга шукроналик улашмоқда. Мўътадил куз ҳавоси кўнгилларни яйратмоқда.
Она табиат шу кунларда Олтинсой туманидаги тоғли Вахшивор, Тўхтамиш, Чинор маҳаллаларига ҳам тилларанг зеб берди. Сўфи Оллоёр, Муҳаммад Зоҳид каби улуғ зотлар мангу қўним топган сўлим бу гўша мафтункор табиат манзаралари, болдек ширин узум ва мевалари, шифобахш гиёҳ ва асаллари билан ҳам шуҳрат қозонган.
Куз фаслининг салқин нафаси эсаётган айни дамда пишиб-етилган мевалари териб-йиғиб олинган дов-дарахтлар барги олтин тусда товланиб, теварак-атрофга ўзгача файз улашади. Сиру синоатга тўла мусаввир табиат Чўлибайир тоғи этакларидаги осуда, фаровон ва тўкин ҳаёт ҳақида яна гўзал тасвирлар яратаётгандек таассурот уйғотади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири