
Сенат ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур масала юзасидан фикр билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева бундай қонунлардан мақсад кимгадир жазо чорасини белгилаш эмас, балки йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кўриш эканини таъкидлади.
– Мазкур қонун билан тегишли кодексларга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид киритилаётган янгиликлар, энг аввало, инсон ҳаётини асрашга қаратилган, – деди Т.Норбоева. – Ички ишлар вазирлиги тегишли ҳокимликлар, вазирликлар билан биргаликда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид стандартларни жорий қилиш бўйича масалаларни, унинг олдини олиш чораларини белгилаб бориши керак. Ҳамма нарса жой-жойида бўлса, стандартлар асосида йўлларимиз таъмирланиб, шароитлар яратилса, қабул қилинаётган қонун керак ҳам бўлмай қолади. Бу жуда комплекс масала.

Ҳайдовчилар диққатини ва масъулиятини ошириш бўйича жорий этилаётган янги, замонавий тизимлар (балл тизими) ўз самарасини беришига ишонамиз. Айни пайтда ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғри йўлга қўйилиши керак. Хусусан, ҳозир сенаторлар кўтарган масалалар, айниқса, йўллар ҳолати ва, умуман, йўл инфратузилмасини яхшилашга жиддий эътибор қаратиш зарур. Чунки ҳозир бу борада муаммо йўқ. Йўллар инфратузилмасига маблағ ажратилмоқда. Фақат ақл билан ёндашиш, мана шу масалалар бўйича яхши натижаларга эришган илғор давлатлар тажрибасини қўллаш мақсадга мувофиқ.
Ҳаммамизнинг олдимизда турган биринчи муҳим масала –мазкур нормаларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида, айниқса, ҳайдовчилар, шу соҳада ишлайдиган масъулларга тушунтириш ишларини олиб бориш керак.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўймаслик борасида таъсирчан чора-тадбирларни кўриш керак. Чунки қонундан кутилаётган энг асосий натижа – йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз амал қилинишини таъминлаш, ҳайдовчи бўладими ёки ички ишлар органлари ходимлари бўладими, қонунга риоя этиши керак.
Ҳозир одамларимизнинг асабига тегаётган нарса – йўлларда қоидабузарликлар кўпайиб бораётгани. Ҳайдовчиларга қонунга ҳурмат маданиятини сингдириш керак. Шунинг учун тегишли қонун ости ҳужжатлари ҳам ишлаб чиқилиши зарур. Хусусан, транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тартибини ишлаб чиқиш керак.
Шу масалада ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров бундай тартиб ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилганини маълум қилди.
Сенат Раиси бу ҳужжатни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш кераклигини билдирди. Одамларнинг ҳаётига, соғлиғига, кайфиятига таъсир қиладиган ҳар битта ишлаб чиқилаётган қонун ё қонун ости ҳужжатлари, албатта, аҳоли билан бамаслаҳат қабул қилиниши керак.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА