“Tisza” партиясининг ғалабаси Орбан тизимига қақшатқич зарба берди
Таҳлилчилар сайловда рекорд даражадаги иштирок ҳукмрон партия устунлиги ҳақидаги тезис рад этилганини таъкидламоқда.
“Tisza” партиясининг Венгрия сайловидаги ғалабаси “Бош вазир Виктор Орбаннинг ҳозирги тизимига қарши плебиссит” сифатида тавсифланди. Бундай кўлам демократик ўтиш давридан бери мисли кўрилмаган даражани кўрсатмоқда, дея таъкидлаган Польша Шарқий Европа тадқиқотлари маркази (ОСW).
Иштирокчилар сони кескин ўсиши айниқса “Tisza” ғалаба қозониши кутилган ҳудудларда яққол сезилди. Бу эса мухолифатдан кўнгли қолган янги сайловчилар фаол сафарбар қилинганидан далолат.
ОСW маълумотига кўра, натижа узоқ кўзланган ўзгаришларга йўл очади. Янги ҳукмрон партия “Fides” томонидан яратилган тизимнинг асосий унсурлари, жумладан қонун устуворлиги, оммавий ахборот воситалари ва коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ислоҳотларни қайта кўриб чиқа бошлаши мумкин. Бундан ташқари ҳукумат ваколатининг дастлабки ойлари “кескин сиёсий қарама-қаршилик” билан ўтиши кутиляпти.
Экспертлар “Fides” мағлубиятини 2002 йилдан кейинги энг жиддий инқироз сифатида баҳоламоқда. Ресурслар ва таъсирни сақлаб қолганига қарамай, Орбаннинг яқин орада бошқарувга қайтиши эҳтимолдан йироқ. Шунингдек, ОСW ҳокимият алмашинуви Европа Иттифоқи билан муносабат яхшиланишига олиб келади, деб ҳисоблайди. Янги ҳукумат тўхтатиб қўйилган Европа маблағининг тахминан 18 миллиард евросига йўл очиш, Россияга қарамликни камайтириш ва қарама-қаршилик сиёсатидан воз кечиш ниятида.
С.Раҳимов, ЎзА