Тинчлик – қадри улуғ, бебаҳо неъмат
Ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали Нукусда бўлиб ўтган тартибсизликлардан хабар топиб кўнгли ранжимаган юртдошимиз бщлмаса, керак.
Қўшни Қозоғистон заминида содир бўлган ҳаракатлар, бизга яқин мамлакатлар чегарасидаги қуролли тўқнашувларни ҳали унутганимиз йўқ. Бу тартибсизликлар ва тўполонлар ортида фақатгина оддий инсонлар жабр чекканидан ҳар бирингиз хабардорсиз. Бағримизда бир эл, бир тан бўлиб яшаётган қорақалпоқ элини бузғунчиликка чорлаётганларни кўриб нафратимиз ошгани рост.
Қадри улуғ, бебаҳо неъмат – тинчлигимизга, қардошлигимизга кўз тегдими? Неча асрлардан буён кўринмас ришталар орқали мустаҳкам боғланиб келаётган бирлигимизга, оға-инилигимизга рахна солишга ҳаракат қилаётган кучлар кимлар? Билиб-билмай ўз жонини хатарга қўйган қорақалпоқ қардошларимизни ким бу кўйга солди? “Урушнинг кенгаши йўқ”, деган нақл бор. Ижтимоий тармоқлар орқали берилаётган хабарлар, фикрлар жанги ва тушунмовчиликлардан фойдаланган ва фойдаланишга уринаётган нияти бузуқларни кўриб-эшитиб, дилинг вайрон бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг вазиятни тезроқ ўнглаш учун қўллаган оқилона ва аниқ ҳаракатлари туфайли Нукусда вазият барқарорлашди, Қорақалпоғистон тарафлардан яхши хабарларни эшитяпмиз. Нотинчлик ҳукм сурган жойда барака бўлмайди, халқ хавотир ва ҳадикда яшайди. Келажакка ишончи сўнади. Шу мураккаб вазиятда барча юртдошларимизни ҳамжиҳатликка чорлаймиз. Биз ҳамжиҳат бўлмас эканмиз, олдинга силжишимиз ва катта-кичик муаммоларга ечим топишимиз жуда қийин кечади. Азизлар, турли фитналар қурбонига айланмайлик.
Тинчлик ва осойишталик башариятга инъом этилган улуғ неъмат. Бошимизга мусибат ё кулфат ёғилмасидан аввал унинг қадрига етишни ўрганишимиз лозим. Халқимиз, тинчлик, тани-сиҳатлик, хотиржамлик бўлсин, деб дуо қилиши бежиз эмас. Шукроналикнинг асл мағзи ҳам ана шунда.
Шавкат Шарипов,
Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор
ЎзА