Тинчлик, ҳамжиҳатлик – бебаҳо неъмат
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагидаги фаолият натижалари ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Президентимизнинг 2019 йил 19 майдаги тегишли фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган. Бугунги кунда мазкур тузилма мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 150 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти ва хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Қўмита томонидан Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жамиятда кўп миллатли оила туйғусини, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йилнинг биринчи чорагида қўмита ҳамкорлигида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари иштирокида республика миқёсида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Илмий-амалий конференциялар, онлайн мулоқотлар, давра суҳбатлари, семинар ва кўргазмалар, форумлар, дўстлик кечалари, ижодий танлов ва фестиваллар мамлакатимиздаги ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик, меҳр ва саховат муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ва ибратли ишларни тарғиб этиш билан бирга, бу борадаги амалий ишлар қамровини кенгайтириш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 10 февраль куни имзоланган қонунга асосан 30 июль – Халқаро дўстлик куни юртимизда Халқлар дўстлиги куни этиб белгиланиши мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир амалий қадам бўлди.
2021 йил 18 январь куни Чиноз туманидаги “Эшнобод” маҳалласида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги туб ислоҳотларга бағишлаб ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда Қозоғистонннинг Туркистон вилояти ҳокими У.Шукеев раҳбарлигидаги делегацияниинг иштирок этиши икки қўшни ва қардош давлатнинг дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Самарқанд вилоятида яшаётган юздан ортиқ миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлаш, миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 19 март куни Самарқанд шаҳрида давлат бюджети ҳисобидагн 5 миллиард сўм маблағ эвазига 58 та иш хонаси, 4 та фаоллар зали, 3 та музей ва кутубхонадан иборат “Дўстлик уйи” қуриб фойдаланишга топширилди. Миллий маданий марказлар турли тадбирларда фаол қатнашиши учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида автобус ажратиб берилди.
Юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, бунда маҳаллалар ролини кучайтириш мақсадида шу йилнинг 22 -28 март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждон кўзгуси” деган бош шиорни ўзида мужассам этган “Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги” ўтказилиб, унинг доирасидаги маърифий тадбирларда миллий маданий марказлар ҳам фаол иштирок этди.
Қўмитанинг давлат ижтимоий буюртмасига асосан 2021 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан миллий маданий марказларни ривожлантириш учун 700 миллион сўм маблағ ажратилди.
Бугун қўмита “халқ дипломатияси” механизмидан самарали фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет эллардаги ҳамкорлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ушбу тузилма ҳамда “Ҳиндистон – Ўзбекистон” дўстлик жамияти ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми гуманитар, маданий, маърифий, ахборот соҳаларидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг ижроси бўйича чет элда истиқомат этаётган ватандошлар ўртасида “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” мавзусида онлайн викторина ўтказилиши режалаштирилган. Унда хориждаги ватандошлар билан бирга Ўзбекистон ҳаётига қизиқувчи чет эл фуқаролари ҳам иштирок этиши мумкин. Мазкур танловни ўтказишдан асосий мақсад Ватанимиз тарихи, маданий-маънавий меросимиз, умумбашарий цивилизация ва илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссамизни кенг тарғиб этиш, янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг бугуни билан одамларни халқаро миқёсда кенгроқ таништиришдан иборатдир.
Матбуот анжуманида қўмита фаолияти ва унинг келгусидаги режалари билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА