Тинчлик – барча ютуқларимиз асоси
Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Термиз тумани ҳам замонавий ва обод масканга айланиб бормоқда.
Президентимизнинг жорий йил 1 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини тинч-осойишта ва муносиб кутиб олишга алоҳида ҳозирлик кўрилмоқда.Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Термиз тумани ҳам замонавий ва обод масканга айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Бир пайтлар асосан қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилган туманда бугун замонавий корхоналар барпо этилиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани, мавжуд корхоналарнинг техник ва технологик қайта жиҳозланаётгани аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Фермерлик ҳаракати жойларда бандлик масаласини ҳал этиш ва дастурхонларимиз маъмурчилигини таъминлашда етакчи кучга айланаётир.
Тинчлик-тотувликни қадрлаб, улуғ айёмни дўстлар билан шоду хуррамликда баҳам кўриш халқимизга хос фазилат. Мустақиллик шодиёналари арафасида бу янада кенг қулоч ёйиб, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва беморлар ҳолидан хабар олинмоқда. Маҳалла ва кўчалар, корхона, ташкилот ва муассасалар атрофи ободонлаштирилиб, тартибга келтирилаётир. Янги гулзорлар ташкил этилиб, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун янада қулай шароитлар яратилмоқда.
“Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган турли маданий-маърифий, маънавий-тарғибот тадбирларида мустақил тараққиёт йилларида эришилган улкан ютуқ ва марралар ҳақида сўз юритилиб, “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат ўз ифодасини топаётир.
Сўнгги йигирма уч йилда ҳудудда юз берган ўзгариш ва янгиланишлар кўпмиллатли туманимиз аҳлида дахлдорлик туйғуларини кучайтириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Қишлоқларимиз, у ерда яратилаётган шароит ва имкониятлардан барча мамнун. Илгари қишлоқларда бугунгидай саноат корхоналари, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари, муҳташам таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт масканлари, қўйингки, инфратузилма бўлмасди. Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Лимонзор маҳалласи ҳудуди қисқа вақтда барча шароитларга эга намунавий массивга айланди. Уч юздан ортиқ оила истиқомат қилаётган ушбу массивдаги кўркам уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари кўрган кишининг ҳавасини тортади. Солиобод маҳалласида қад ростлаган 65, Янги ҳаёт маҳалласидаги 40 намунавий уй-жой тез, сифатли барпо этилди. Аҳоли буюртмасига асосан жорий йилда туманда яна юздан ортиқ якка тартибдаги замонавий уй-жойлар қурилиши давом этаётир. Уларнинг аксарияти мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Ўтган йилларда тўртта касб-ҳунар коллежи бунёд этилиб, 34 умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг таълим-тарбия олиши учун замонавий шароитлар яратилди. Янги типдаги мактаб бинолари, спорт иншоотлари қад ростлади. Аввалги қишлоқ амбулаториялари ўрнида ўн учта замонавий қишлоқ врачлик пункти барпо этилиб, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ошди.
Халқимиз тинчлик ва хотиржамликни ҳамиша юксак қадрлайди. Туманда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам. Қўшни давлат билан бизнинг туманимизни Амударё ажратиб туради. Дарёнинг икки соҳилида икки хил манзара. Шароит ва имкониятлар ҳам кескин фарқ қилади. Биз дарё ортида ҳам тинчлик-осойишталик бўлишини, асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабат ва ҳамкорлик янада мустаҳкамланишини истаймиз. Зеро, қўшнинг тинч – сен тинч, деган ҳикмат бежиз айтилмаган.
Туманимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланаётгани, экспорт салоҳияти ошиб, янги лойиҳалар ишга туширилаётгани ҳам тинч-осуда ҳаётимиз самарасидир. Хусусан, жорий йилнинг олти ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 89,2 фоизни ташкил этди. Олти ойда қарийб ярим миллиард сўмлик 49 ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилди. Маҳсулот экспорт қилиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,7 фоиз ўсди.
Аҳолининг бандлик масаласини ҳал этишда ҳам хусусий секторнинг алоҳида ўрни бор. Корхоналарни техник ва технологик жиҳозлаш, модернизация қилиш, янги корхоналарни ишга тушириш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, касаначиликни кенгайтириш орқали кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилмоқда. Йилнинг ўтган ойларида бир минг олти юзга яқин янги иш ўрни яратилгани бунга яққол далилдир.
Президентимиз раҳнамолигида аграр тармоқда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одамларнинг ерга эгалик ҳиссини кучайтириб, уларни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундамоқда. Бу йил туманда 33 минг 841 тонна мева-сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Ана шу маҳсулотнинг бир қисми истиқлол байрами олдидан ташкил этиладиган ярмаркаларда арзон нархларда сотилади. Тадбиркор ва фермерларимиз туманда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир қисмини шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳаракатида. Манзилли дастур доирасида гўшт ва сут маҳсулотлари, сабзавот ва мевани қайта ишлайдиган замонавий корхоналар ишга туширилади.
Жорий йилда тумандаги 123 фермер хўжалиги 4 минг 544 гектар майдонда ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Ҳосилнинг 11 минг 653 тоннаси давлатга сотилган бўлса, 15 минг 724 тоннадан ортиғи фермерлар ихтиёрида қолдирилди. Беш минг 339 гектар майдонда парваришланаётган ғўза ривожи баравж.
Яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрамини осойишта ва юқори савияда ўтказиш учун ўзини-ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда. Айниқса, чегара ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари белгиланиб, ҳушёрлик оширилаётир. Асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган иншоотларда тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Санъаткорларимиз қизиқарли байрам дастурлари тайёрламоқда.
Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган оқилона сиёсатнинг амалдаги самараларидир.
Бозор Холназаров,
Термиз тумани ҳокими