Тинчимаган Бағдод, Горбачёв хотираси ва Запорожьедан хушхабар...
Жумадан жумагача
Саддам Ҳусайндан кейин Ироқ ҳануз ўзига келмади, келолмаяпти. Мамлакатнинг юксалиши ва инқирози ҳақида турли фикрлар бор, баҳс яна узоқ давом этадиган кўринади. Ироқ, деганда, барибир, киши хаёлига шу инсоннинг исми келади.
Ёш Саддам ўтган аср 50-йиллари охирида БААС – Араб ижтимоий уйғониш партиясига аъзо бўлади. Фирқани ўша замондаёқ советларнинг коммунистик партиясига менгзашарди. Сиёсий ҳаракат мафкураси империализмга қарши кураш эди.
1968 йили БААС ҳокимият тепасига келгач, Ҳусайн вице-президент лавозимини эгаллайди. 1979 йилда бошқарув бутунлай Ҳусайн қўлига ўтади.
Вақт ўтиши билан янги етакчи мамлакат мусулмонларининг учдан бир қисмини ташкил қилувчи суннийлар меҳрини тўла қозанади. Ҳусайннинг ватандошлари бўлмиш Тикрит (сиёсий арбоб туғилган шаҳар) вакиллари билан бирга ҳокимиятдаги мавқе мустаҳкамлаб олинади.
1990 йил Қувайтни босиб олиши Саддамнинг сиёсий карьерасига путур етказади. Кейин мағлубиятга учраган армия қочоқлари шиа аҳли билан бирлашади ва Эрон кўмагида мамлакатнинг олти вилоятини қамраб олган кенг кўламли қўзғолонни бошлайди. Кураш авжига чиқади.
Шиалар бир муддат Эронга қочишга мажбур бўлади. Кейинчалик ватанга қайтганларида, Саддам уларга тазйиқ ўтказмайди. Ҳатто, шиа масжидларини сақлаб қолиш учун етарли маблағ ҳам ажратади.
Нефтдан тушган пул халқ фаровонлигига, иқтисодиётни юксалтиришга хизмат қилмайди, аксинча, бесамар урушларга сарфланади. Мамлакатнинг сиёсий тизими вайрон бўла бошлайди. Суннийлар ва курдлар муросага келолмай, кичик Курдистон ёки шимолий Курдистон бунёд бўлишига олиб келади. Сунний-шиа тўқнашуви авж олади.
Социализм руҳига зид бўлса-да, манфаатларимизга тўғри келган ишни қилдик, дейди кейинчалик Саддам.
АҚШнинг сабри тугайди, кичик Жорж Буш “Ироққа озодлик” ҳарбий амалиётини бошлайди. Мамлакатда оммавий қирғин қуролини қидириш баҳонаси билан Ироққа бостириб кирган америкаликларнинг уруши Ҳусайн ўлдирилиши билан якун топади.
Уруш бошлаганининг 15 йиллиги муносабати билан Буюк Британия ҳақиқатни тан олиб, “Саддам Ҳусайн режими “дунёга ҳеч қандай таҳдид солмагани”ини баён этади. Барибир, ғарб ҳамон Ироқ давлатчилиги барбод бўлишига Американинг аралашуви сабаб бўлганини айтишни истамайди.
2013 йилга келиб, “Ал-Қоида”, кетидан Ироққа “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти ҳам келиб жойлашади.
Ҳарбий босқин, фуқаролар уруши ва террор ҳаракати юз минглаб ироқликлар ўлимига сабаб бўлади. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, 2003-2011 йиллар оралиғида кечган ҳарбий амалиёт ярим миллионга яқин киши ҳаётига зомин бўлган. Миллионлаб одамлар уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Ироқнинг иккинчи Афғонистонга айланиши ҳавфи кўпчиликни хавотирга солади. Шу билан бирга Толиблар Кобул ҳукумати бошига келиши Бағдоднинг бироз тинчишига олиб келгандек туюляпти.
Ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган сайловда шиа етакчиси Муқтада ас-Садр партияси муваффақият қозонди, аммо етарли овоз йиғолмагани ҳукумат тузишга изн бермади. Шундан сўнг Муқтада ўз депутатларини парламентдан бутунлай олиб чиқиб кетди.
2022 йил июль ойига келиб ас-Садр янги сайлов ўтказиш талаби билан парламент биносини эгаллаб олиши ортидан мамлакатда беқарорлик яна авжига чиқди.
Ўтаётган ҳафта шиа етакчиси сиёсатдан воз кечганини эълон қилгандан кейин бир неча кун ўтиб, унинг тарафдорлари ҳукумат бинолари ва хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қуршаб олди. Тўқнашув содир бўлишининг олди олинмади, инсонлар халок бўлди, ярадорлар кўпайди.
Саддам Ҳусайндан кейин Қўшма Штатлар мамлакатда пропорционал бошқарув тизимини ташкил этган. Яъни Президент курд миллати вакили, Бош вазир – шиа, парламент спикери – сунний бўлиши белгилаб қўйилган.
Бу тизим, ҳар ҳолда, бир муддат яхши иш берди. Фақат йиллар ўтиб айни тартибдан воз кечишга уринилди. Шу кунларда Ас-Садр янги парламент сайлови ўтказиш талабини қўймоқда. Президент ва Бош вазир келишиб, янги қарор чиқариш ниятида.
Бағдодга тинчлик келишини минтақа ҳам, ғарб давлатлари ҳам истайди. Жо Байден барқарорликка эришилгунча Ироқни ўз назоратимга оламан, дегани бежиз эмасга ўхшайди.
Миллатимизнинг ибратли нақли бор: вафот этганлар фақат яхши хотира билан эсланади, акси қабул қилинмайди.
Михаил Сергеевич Горбачёв 1985 йил мамлакат раҳбари бўлганда бор-йўғи 54 ёш эди. Аввалги раҳбарлар мункиллаб қолган, касалманд қариялар - Леонид Брежнев, Юрий Андропов ва Константин Черненкога нисбатан анча тетик, соғлом бўлгани учун совет халқи уни ўзгача меҳр билан қарши олди.
Собиқ совет сиёсатчиси Григорий Явлинский таъбири билан айтганда, у олти йил ичида дунё сиёсатини ўзгартиришга эришди. Коммунистик партиянинг сўнгги бош котиби, Совет Иттифоқининг биринчи ва охирги Президенти сифатида тарихда қолди.
Горбачёв тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори, шунингдек, Россия ва жаҳон тарихи муаммоларини ўрганувчи Горбачёв жамғармаси асосчиси эди.
Қайта қуриш номли ислоҳотни дадил бошлаб, кетидан жадаллаштириш сиёсатини олиб борди, мамлакатда ошкоралик эълон қилди. 1990 йил давлат цензурасини бекор қилди. Биз, журналистлар хурсандлигининг чеки йўқ эди ўшанда. “УзЛИТ”, деган балодан қутулган матбуотимиз пешволари зиёфатлар бергани эсга тушади.
Хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилди. Панада беркиниб, “тирикчилик” қилган “кооперативчилар” куни туғди. Ҳатто, ўша пайт кавказлик тадбиркорлар Москов марказида Горбачёвга ҳайкал тикишга тайёр эканликларини айтишганди.
Совет Иттифоқида иккинчи бўлиб Ўзбекистонда Президент лавозими жорий қилинди. “Бир мамлакатда икки президент бўлмайди!” - 1990 йил баҳоридан кейин Ислом Каримов ва Михаил Горбачёв тортишуви анчагача барҳам топмади.
Горбачёвнинг ташқи сиёсатдаги асосий хизматларидан бири ядровий қуролсизланиш бошланиши билан боғланади. Унинг ташаббуси билан совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилади.
Сиёсатчи Берлин девори қулаши ва икки Германия бирлашишида муҳим роль ўйнади. БМТ Бош котиби таъкидлаганидек, “Михаил Горбачёв дунё тарихини ўзгартирган ва “совуқ уруш”ни тинч йўл билан тугатиш учун ҳаммадан кўра кўпроқ хизмат қилган ягона давлат арбоби эди”.
АҚШ Президенти Жо Байден Горбачёвни “нодир етакчи”, деди ва уни “совуқ уруш” авжида “бошқа келажакни кўра, тасаввур эта олган” ноёб арбоб, дея алқади.
- Чексиз ҳокимиятга эга бўла туриб, ўз мамлакати ва халқидан ҳеч нарса ўғирламади, - дея қўшимча қилганди Явлинский. - Жамғармасига пул керак бўлганда, СССР Президенти видеоролик орқали чиқиш қилиб маблағ тўплаганини ким ҳам эсламайди?!
Горбачёв 1996 йил сиёсатда яна бир бор бахтини синаб кўрмоқчи бўлди ва Россия президентлиги сайловида қатнашди. Рус халқи унга очиқдан-очиқ ишонч билдирмади. Михаил Сергеевич тўплаган овозни бугун мен ҳам, ийманиб, айтолмайман...
1991 йил мамлакатда СССРни ягона давлат сифатида асраб қолиш учун референдум ўтказилади, кетидан мамлакатда “суверенитетлар паради” бошланади. Бирин-кетин иттифоқдош республикалар суверен ҳуқуқидан фойдаланиб, декларация қабул қилади. Ўзбекистон ҳам 20 июнь куни Мустақиллик йўлини очиб берган Давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияни қабул қилади.
20 августда янги иттифоқ шартномасини имзолаш маросими режалаштирилади. Бир кун олдин эса Горбачёвнинг яқин сафдошлари мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, “Бош котиб хаста, давлатни бошқара олмайди” дея эълон қилишади...
Сиёсий фитна амалга ошмайди ва 21 августда Михаил Сергеевич вазифасини давом эттиришга киришади. 25 декабрь куни эса Горбачёв совет халқига телемурожаат билан чиқиб, президентлик фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарорини ўқиб беради...
Ҳафтанинг ижобий хабарларидан бири МАГАТЭ Бош котибининг Киевга келиши ва Ташкилот миссияси Запорожье АЭСга киритилиши бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бундай хавотирга ибратли мисол тарихда бор: 26 апрель 1986 йил. Зеро, Чернобиль фожиасидан зарар кўрган ватандошларимиз ҳали ҳам орамизда. 36 йилдирки, улардан хасталик аримаган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ва Бош котиб Рафаэль Гросс учрашувида Запорожье атом электр станциясидаги вазият таҳлил қилинди.
Зеленский АЭСда портлашлар юз бергани, ядро реакторлари ишдан чиққани, станция блоклари Украина тармоғидан узилиши билан боғлиқ йирик хавфларни бир-бирма санади.
Президент фуқаролар учун иситиш мавсуми билан боғлиқ аҳвол ва маълум ядровий хатар туфайли юзага келган глобал хавф ҳақида ҳам гапирди.
Европадаги энг йирик атом иншоотлари сирасига кирувчи Запорожье АЭС февраль ойи охирида Киев назоратидан чиқиб кетган. Инқироз сабабчилари бир-бирларини станцияга ҳужум қилишда, фитна уюштиришда айблаб келяпти.
26 августдан электр энергияси ишлаб чиқариш бошлангани ва ток тўғридан-тўғри Запорожье ҳамда Херсон вилоятларига етказилаётгани хабари барчамизни қувонтирди. Кузнинг илк кунидан бошлаб эса Киев назоратидаги ҳудудларга ҳам электр етказила бошлаши эълон қилинди.
АЭСда бошланган хайрли ишлар бардавом бўлиши тилаги билан бугунги ёзувни тугатаман.
Хабарлашгунча!
Аброр ҒУЛОМОВ, ЎзА сиёсий шарҳловчиси