
Тил миллат руҳи, кўрки ва маънавияти тимсоли саналади. Шу боис, тилни асраш ва авайлаш ҳар бир давр учун ҳамиша муҳим масалалардан бири бўлган.
Тилни асраш, унга эътибор қаратиш ХХ аср бошларида жадид адабиёти вакилларининг ҳам диққат-марказида бўлди. Хусусан, Ашурали Зоҳирий, Авлоний, Беҳбудий, Фитрат каби маърифатпарварларнинг саъй-ҳаракати ва тилга бўлган жонбозлиги туфайли тилимиз янада сайқалланди, ўзбек миллий грамматикаси ишланди. Бу борада ҳақиқий ватанпарвар ва миллатпарвар сиймо Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг жонбозлигини алоҳида эътироф этиш мумкин. Сабаби ўз миллати, Ватани, унинг тили ва равнақи учун қайғурган маърифатли инсон тил масаласига эътибор бермаслиги мумкин эмас. Чунки тил, миллатнинг руҳи, қалби, унинг буюк қадриятидир.
Беҳбудий (Маҳмудхўжа Беҳбудий, 1875–1919) юртимиз жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, маърифатпарвар, ёзувчи ва публицист эди. У нафақат таълим, адабиёт ва сиёсат соҳаларида, балки тилшуносликка оид қарашлари билан ҳам миллий уйғониш жараёнига муҳим ҳисса қўшган.
Беҳбудий ўзи нашр қилган “Ойна” журналининг саҳифаларида 20 асрнинг бошларидаги энг долзарб масалалардан бири саналган – тил масаласига бағишланган мақолаларни, шунингдек, ўзининг ҳам тилга оид мулоҳазаларини мунтазам нашр этади. Хусусан, у ўзининг “Икки эмас, тўрт тил керак”, “Тил масаласи”, “Сарт сўзи мажҳулдур”, “Сарт сўзи маълум бўлмади” сингари бир қатор мақолаларида ўзининг тил ва тилшуносликка оид қарашларини баён қилади.
Ўзининг “Тил масаласи” номли асарида туркий тилларни араб ва форс тилларининг таъсирида қолаётганлиги, ўзбек адабий тилини шакллантириш лозимлигини таъкидлайди ҳамда араб ва форс тилларининг таъсир даражасига қараб туркий тилларни гуруҳларга ажратади. Унинг фикрича, ўша даврда амал қилган “усмонли тил” араб ва форсий тилларининг энг кўп таъсирини ўзида акс эттирган тил саналади. Беҳбудий бу тилнинг жонли турк тилидан анча узоқлашиб қолгани, халқ бу тилни тушунишда қийналаётгани ҳақида куйиниб гапиради.
Озарбайжон ва Қрим татарларининг тили усмонли турк тилига яқинлиги, бу тилларга араб ва форс тилларининг таъсири усмонли тилга нисбатан кам бўлганлиги сабабли улар бир-бирларини тез тушунишларини таъкидлайди. Шунингдек, ушбу мақолада Туркистоннинг чиғатой лаҳжасини ҳам тилга олиб, ушбу лаҳжа кўп шевали эканлиги ва мазкур шеваларда араб ва форс тиллари элементлари кўп учраши ҳақида асосли фикрлар билдиради.
Хулоса қилиб айтганда, Беҳбудийнинг тилшуносликка оид қарашлари унинг маърифий ва маданий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги фаолияти билан чамбарчас боғлиқ эди. У тилни халқ маърифатини ошириш ва миллатни уйғотишнинг асосий воситаларидан бири деб билган. Унинг тилшунослик соҳасидаги қарашлари қуйидагиларда ўз ифодасини топган:
1. Миллий тилнинг ривожи ва уни асраш.
Беҳбудий ўз асарларида миллий тилни ривожлантириш ва уни сақлаш зарурлигини таъкидлаган. У туркий (ўзбек) тилни маданият, адабиёт ва таълимнинг асосий пойдевори деб ҳисоблаган ва унинг бойлигини намоён қилишга интилган.
Беҳбудийнинг фикрича, халқ ўз она тилида таълим олиши ва адабий меросни она тилида ўқиши миллий онгнинг ривожланиши учун муҳим эди.
2. Содда ва тушунарли тил тарафдори.
Беҳбудий ёзма тилнинг халқ оммаси учун тушунарли бўлишини талаб қилган. У эски усулдаги мураккаб ва қийин тилда ёзилган матнларнинг замон талабларига жавоб бермаслигини кўрсатиб, содда ва тушунарли услубда ёзишга интилган. Бу масала унинг “Ойна” газетаси ва бошқа асарларида яққол акс этган.
3. Aраб ёзувининг ислоҳоти.
Беҳбудий араб ёзувининг мураккаблиги туфайли таълим жараёнида кўплаб қийинчиликлар юзага келишини танқид қилган. У араб алифбосини соддалаштириш ёки янги алифбони қабул қилиш зарурлиги ҳақида фикрлар билдирган. Бунда у ёзувни оддийлаштириш орқали саводхонлик даражасини оширишни мақсад қилган эди.
4. Туркий тилларни бирлаштириш ғояси.
Беҳбудий барча туркий халқлар учун умумий адабий тил яратиш ғоясини илгари сурган. Бу фикр жадидларнинг тил ва маданиятни бирлаштириш орқали миллий уйғонишни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ эди.
5. Таълим ва тилнинг боғлиқлиги.
Беҳбудий ўз фаолиятида таълимнинг аҳамиятини биринчи ўринга қўйган ва бу борада тилнинг ўрни жуда муҳимлигини уқтирган. У янги усулдаги мактаблар учун дарсликлар ёзиб, уларни содда ва тушунарли тил билан бойитган.
Д.Лутфуллаева,
Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси профессори,
филолология фанлари доктори.
Н.Сайидраҳимова,
Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси доценти,
филология фанлари номзоди.