Тилимиз тозалигига барчамиз масъулмиз
Ҳар бир халқ, миллат аввало миллий тили билан баҳоланади.
Шу нуқтаи назардан тилга эътибор халқнинг турмуш тарзи, миллий ғурури ва тафаккури ривожининг ўзига хос инъикосидир. Негаки, айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади.
Бугунги кунда миллий ўзлигимизни белгилаб берувчи ана шу она тилимизга нисбатан миллатдошларимизнинг муносабати, ҳурматини қониқарли деб бўлмайди. Буни кўчаларимиздаги ташқи реклама ёзувлари, пешлавҳалар, нархномаларнинг талайгина қисми ажнабий тилларда битилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, мамлакатимиз мустақиллигига 30 йил тўлмоқда. Она тилимизнинг давлат тили мақомига эришганига эса 32 йил бўлди.

Ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари олдидан Бухорода вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан маънавият ва маъифат маркази ҳудудий бўлимлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Тилимиз тозалигига масъулмиз” шиори остида акция ўтказилмоқда.
Айни пайтда мазкур акция доирасида вилоятдаги давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмаган 1 минг 200 дан ортиқ ёзувлар бартараф этилди. 300 га яқин тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилди.

– Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 22-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб кўрсатилган, – дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов. – Айнан мазкур қонуний талаб доирасида аҳоли орасида ташқи тарғибот воситаларини ўзбек тилида номлаш, шунингдек корхона ва ташкилотларда иш юритишни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳамда давлат тилида юритиш борасида тушунтиришлар олиб боряпмиз. Тўғри, баъзи ўринларда ушбу жараён осон кечмаяпти. Негаки тадбиркор номлавҳа ёки рекламани ёзиш учун банер, чироқли ёзувларга озмунча маблағ сарфламаган. Аммо тадбиркорлар ҳам шуни унутмаслиги керакки, ҳар қандай қонун аввало ўз ижроси билан қадрлидир. Қонунга буйсуниш эса ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Қонунни билмаслик эса, ҳеч кимни жавобгарликдан холос эта олмайди. Ҳозирча биз фуқароларга мазкур йўналишда тегишли тушунтиришлар беряпмиз. Тегишли хулосага келган фуқароларнинг аксарияти ўз ёзувларини давлат тили қонунчилиги талабларига мослаштиришмоқда. Қонун талабларига буйсунмаган шахсларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга даъволар киритилмоқда. Зеро гап миллатимиз кўзгуси бўлмиш она тилимиз ҳақида борар экан, бунда ҳеч биримиз бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.
Зариф Комилов, ЎзА