Тилимиз фидойиларини тарбиялаш йўлида
Бугунги кунда дунё аҳолисининг юртимизга, хусусан, она тилимизга қизиқиши ортди. Айтиш керакки, ҳозирда АҚШ, Россия, Франция, Хитой, Туркия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Япония, Жанубий Корея, Озарбайжон, Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларида ўзбек тили ўқитилмоқда. Замонавий ўзбек адабиёти намуналарини дунё тилларига таржима қилиш суръати ҳам сезиларли даражада ўсди.
Юртимизда ўзбек тилининг қадр-қимматини кўтариш, нуфузини юксалтиришга қаратилган тарихий фармоннинг қабул қилиниши, қолаверса, мамлакатимизда «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилингани ёш авлод тарбиясида она тилига эҳтиром ва муҳаббат ҳиссини шакллантириш учун кенг йўл очди.
Ўзининг катта филология мактаби, ёш тилшунос ва адабиётшунослар, умуман, ўзбек тили фидойиларини тарбиялашдаги самарали тизимига эга Фарғона давлат университетида илм-фан ривожининг янги уфқлари очилаётганини эътироф этишимиз керак. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги «Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази» Фарғона вилояти бўйича ҳудудий бўлинмасининг ташкил этилгани, Президентнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида янги -«Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси иш бошлагани Фарғонада ўзбек тили истиқболига қаратилган хайрли қадамлардан бири бўлди.
Факультет профессор-ўқитувчилари эришаётган ютуқлар салмоғи йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Жорий йилда малакали олимларимиз Наргиза Умарова ва Зуҳра Акбаровалар филология фанлари доктори илмий даражасига эришишди. Факультет доцентлари Гулбаҳор Розиқова, Муҳаммадтоҳир Абдуллаев, Анвар Муҳиддинов ва Қаҳҳоржон Юлчиевлар филологиянинг муҳим масалаларига доир докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш арафасида. Профессор Алижон Мамажонов ва доцент Муҳаммадтоҳир Абдупаттоев ҳаммуаллифлигидаги «Матн тилшунослиги» китоби Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан нашрга тавсия этилди. Бугунги кунда факультетнинг илмий салоҳияти 42 фоиздан зиёдни ташкил этган ҳолда тилшунослик кафедрасида мазкур кўрсатгич 74 фоиз эканлиги профессор-ўқитувчиларимизнинг илмий юксалишларини ўзида акс эттиради.
Ёш олимларимиз эришаётган ютуқлар, уларнинг изланувчанлиги, фаол илмий фаолият билан шуғулланаётганлиги, айниқса, эътиборга молик. Хусусан, Фарғона водийси топонимларининг қиёсий-тарихий ва антропотсентрик тадқиқи билан шуғулланаётган Гулруҳ Жўрабоева, эколингвистика: ўзбек тилида тил ва нутқ софлигининг лингвокултурологик тадқиқи бўйича иш олиб бораётган Низомиддин Қўлдашев, "ХХ аср ўзбек қиссаларида бола образи: давр ва руҳият» мавзуси тадқиқотчиси Рустамжон Умурзақов ҳам филология фанлари бўйича (PhD) докторлик диссертациясини тайёрладилар. Ёш тадқиқотчиларнинг илмий юксалишларига қараб, Фарғона филология мактабининг ёруғ эртасини кўргандай бўламиз.
Таъкидлаш керакки, фарғоналик филологларнинг тилимиз тадқиқи ва ривожи йўлидаги заҳматли меҳнати юксак эътирофга лойиқ ва улар муносиб қадр топмоқда. Факультет профессори, филология фанлари доктори Шарифахон Искандарова Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти - «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан мукофотланди. Айтиш керакки, Ш. Искандарова мазкур факультетда таҳсил олиб, фан доктори даражасигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтди, тилшуносликнинг мазмуний майдон масалаларини ўрганиш бўйича ўзига хос мактаб яратди.
Ҳозирда юзлаб иқтидорли ва фаол талаба-ёшларимиз республика халқаро миқёсда катта ютуқларни қўлга киритиб келаётганидан том маънода фахрланамиз. Хусусан, факультет талабаси Қобилжон Шерматов бу йил «Илҳом» Миллий мукофоти совриндори бўлди. Абдуллоҳ Рўзиматов Италиянинг Sapienza университети магистратура босқичига имтиёзли қабул қилинди. Ҳ.Абдуллаев, С.Юсупова сингари ижодкор талабаларнинг шеърий китоблари нашр этилди. Ўнлаб талабаларимиз номдор стипендиялар совриндори бўлгани бизнинг ютуғимиздир.
Олийгоҳимизнинг Россия Федерацияси Қозон федерал университети билан мустаҳкам ҳамкорлиги натижасида факультет «Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили» йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини йўлга қўйишга эришди. Эндиликда 25 нафар талабаларимиз Қозон федерал университетида таҳсилни давом эттириш имконига эга бўлишди. Бундан ташқари, факультетимизнинг Туркия ва Озарбайжон давлатлари олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда.
Факультет тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган даврда филология факультети илм-фан учун 3 нафар академик, 20 га яқин фан доктори, профессорларни етиштириб берди, 3 нафар Ўзбекистон халқ шоирлари камолга етди. Таъкидлаш ўринлики, 1990 йилларда факультетда 1 нафар фан доктори, 11 нафар фан номзоди фаолият олиб борган бўлиб, бугунги кунда ушбу кўрсаткич сезиларли даражада ўсди ва ўсиб бормоқда. Мустақиллик йилларида фан докторлари сони 9 нафарга, фан номзодлари сони 24 нафарга ортди, 20 нафардан зиёд филология фанлари бўйича фалсафа докторлари меҳнат қилмоқда.
2017 йилдан Фарғона давлат университети ҳузурида илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш фаолият кўрсатиб келмоқда. Кенгаш таркибига республикамизнинг 15 нафар таниқли олимлари киритилган бўлиб, уларнинг 8 нафари университет олимлари ҳисобланади. Кенгаш фаолият бошлаганидан буён 70 дан ортиқ докторлик ва фалсафа доктори диссертациялари ҳимоя қилинди.
Охирги 3 йилда кенгашда мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан тадқиқотчилар томонидан 3 та докторлик ва 50 дан ортиқ фалсафа доктори диссертациялари ҳимоя қилинди. Шундан 23 та фалсафа доктори, 1 та докторлик диссертацияси университет олимлари томонидан ҳимоя қилинди. Факультетда юқори малакали педагог-кадрлар тайёрлаш, олимлар сафини кенгайтириш мақсадида таянч докторантура ва докторантура фаолият кўрсатиб, айни пайтда 10 нафар тадқиқотчилар илмий изланиш олиб бормоқда. Факультетда юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида талабаликдан докторантурагача бўлган кўп босқичли тизим яратилган. Факультет илмий фаолияти ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослигида муносиб ўринга эга бўлиб, матн лингвистикаси, мазмуний майдон назарияси, прагматика, нутқ ва услуб, поэтика, ойбекшунослик, адабий алоқалар каби соҳаларда етакчилик қилади. Биргина ўзбек тили йўналишида сўнгги икки йилда 2 та дарслик, 10 га яқин қўлланма ва монографиялар чоп этилгани бунинг ёрқин далилидир.
2021-2022 ўқув йилини факультет жамоаси янги ўқув биносида бошлади. Давлатимиз раҳбарининг олий таълимга қаратаётган эътибори ва университет раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан шаҳардаги собиқ компьютер технологиялари коллежи биноси капитал таъмирланиб, факультет ихтиёрига берилди. Кенг ва шинам аудиторияларда талабалар самарали билим олишга эришмоқдалар.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда зиёлиларнинг ўрни катта. Бунга жавобан филология факультети жамоаси ўз куч-ғайрати, илмий салоҳияти билан Янги Ўзбекистонни қуриш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшишга интилмоқдалар.
Зеро, тилимиз фидойиларини камолга етказиш-муқаддас вазифа. Қолаверса, миллат кўзгуси бўлган она тилимизни сақлаб, келгуси авлодларга соф ва сержило ҳолда етказиш, унинг тил имкониятларини кашф этиш, тадқиқ этиш учун ҳам бурчлимиз. Фарғона филология мактабининг етук малакали кадрлар тайёрлаш анъанасини муносиб давом эттириш ва бу эзгу ишни янги босқичга олиб чиқиш эса факультет илмий жамоасининг улуғвор ва муштарак мақсадидир.
Зокиржон РАҲИМОВ,
Фарғона давлат университети филология факультети декани,
филология фанлари номзоди, доцент.