Тилда, ишда, ғояларда ва юракда бирлик
Марказий Осиёда улар сари муҳим қадамлар ташланмоқда
Машҳур тарихчи ва сиёсатшунос Жон Смит айтганидек, “Мамлакат тараққиёти нафақат унинг иқтисодий ўсиши, балки жаҳон миқёсида тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш қобилияти билан ҳам ўлчанади”. Бу кайфият, айниқса, бугунги Ўзбекистонга ниҳоятда мос келади.
Алоҳида таъкидламоқчиман, бу фикрлар журналистнинг интервью учун айтилаётган шунчаки чиройли сўзлари эмас, бу хорижлик экспертлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан билдирилган фикрлар жамланмаси, аслида!
Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатдаги салмоқли ютуқлари сўнгги йилларда тобора кўпроқ эътироф этилмоқда.
Мутахассислар таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни ўзлаштириб, минтақавий дипломатияни кучайтириб, ижтимоий ривожланишга устувор аҳамият қаратган ҳолда ижобий ўсувчан йўлга ўтди.
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатида устувор йўналиш ҳисобланган – Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик сиёсати жараёнлари ифодаланган “Уйғонаётган Арслон” номли мақоласида ҳам бу фикрлар ўз ифодасини топган.
Мазкур мақола Eвропа геосиёсий форуми сайти, Жанубий Кореянинг “Diplomacy Journal” журнали, Туркиянинг Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази сайти, Қозоғистоннинг “Инфозакон”, Қирғизистоннинг “Алянс Пресс” ва бошқа хорижий масс-медиа томонидан кенг ёритилди.
“Дунё” АА мухбирининг Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори, профессор Меҳмет Сейфитдин Эрол билан суҳбати Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда асосий актор сифатидаги мавқиега қандай келгани ва халқаро эътиборни қозонгани хусусида бўлди.
– Ассалому алайкум. Аввало, интервьюга вақт ажратганингиз учун раҳмат! Маълумки, Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази ҳам айни мақолага алоҳида эътибор қаратди. Унда таъкидлаганидек, бугун Марказий Осиё минтақасида геосиёсий акторга айланиб бораётган Янги Ўзбекистон ва унинг лидери томонидан амалга оширилаётган сиёсатнинг тарихий нуқталари нималарда, деб ўйлайсиз?
Умуман, муаллиф фикрлари сизнинг фикрингизга мос келадими?
– Раҳмат. Ҳа, айтганингиздек, мақолада билдирилган фикрлар бутун дунёга ёйилди. Ўзгарувчан минтақавий ва глобал геосиёсатда Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича жуда муҳим ва эътиборга молик кузатувлар мавжуд. Материалда масаланинг моҳиятига оид асосий жиҳатлар очиб берилган, ечимлари ҳам кўрсатилган.
Шубҳасиз, 2016 йилдан кейин минтақада энг катта тарихий жонланишнинг бошланиши юз берди. Бошқача айтганда, бу даврга келиб, минтақавий интеграция ва ўзликни излаш тушунчаларига қадайдир маъжозий образлар тилида эмас, балки аниқ сиёсий лисон орқали мурожаат қилишга ўтилди. Сўнгги йилларда амалга оширилган сиёсат Ўзбекистон учун ҳам, минтақа учун ҳам янги даврни бошлаб берди ва минтақага “бирлик руҳи” қайтди.
“Бирдамлик” чақириқлари расмий риторикадан реал ҳаракатга ўта бошлади. Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистон етакчиси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган сиёсат минтақадаги баъзи нотўғри тасаввурларни йўққа чиқарди ва Марказий Осиёни геосиёсий субъектга айлантирди.
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган стратегия жуда аниқ. Унинг асосий устунлари, бу аввало, минтақа жамиятлари ва мамлакатлар ўртасидаги зиддият ҳамда муаммоларни ҳал қилиш, ўзаро ишончни шакллантириш ва ушбу ишончни минтақадаги давлатлар ҳамда жамиятларга сигдиришга асосланган. Яъни, содда қилиб айтганда, бу сиёсатнинг маъноси қўшнилар ўртасида шаклланган “Мен” тушунчасини умумийлик сингдирилган “Биз”га айлантириш эди. Ўйлайманки, бундай сиёсий қарор ўз самарасини берди: қўшнилар билан боғлиқ ҳар хил зиддиятли ҳолатлар, хусусан, чегара, сув муаммолари ва айни сабабларга кўра кўзга ташланиб қоладиган этник низолар ҳал қилинди. Энг муҳими, илиқ ва самимий сиёсат орқали Ўзбекистон минтақа давлатлари ўртасидаги можароларда ишончли воситачи ва тинчлик ўрнатувчи янги кучга айланди. Бу эса муаммоларни минтақанинг ўзи ҳал қила олишини исботлади.
Шунингдек, айтмаса бўлмайдиган яна бир тарихий ўзгариш шуки, бу даврга келиб, қўшни давлатлар ўртасида ўзаро стратегик шериклик ва иттифоқчилик жараёнларига ўтиш бошланди.
– Шу йилнинг 7-9 август кунлари Қозоғистонга ташриф давомидаги учрашувлардаги энг диққатга сазовор воқеалардан бири шу бўлдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев иштирокида 2024-2034 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинди.
Айни ҳужжат ва унинг аҳамияти борасида Сизнинг муносабатингиз қандай?
– Таъкидланганидек, ушбу келишув билан Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат Марказий Осиё, балки Евроосиёнинг геосиёсий маркази сифатида тарихий ва айни пайтда аниқ ҳамда дадил ишора берди. Бу қадам геосиёсий рақобат ва можаролар орқали минтақани бошқаришга уринаётган кучлар ва баъзи “ўйин”ларга энг мазмунли жавоб бўлди. Қолаверса, мазкур сиёсий ҳаракат орқали икки қўшни давлатнинг қатъий мақсад ва ирода муштараклиги яққол намоён этилди. Ўйлайманки, узоқни ўйлаб ва кучли сиёсий ирода кўрсатиб қўл урилган ушбу воқеа Марказий Осиёда бўй кўрсатаётган интеграция борасидаги тушунчаларни янада мустаҳкамлайди, тартибга солади ва қолган қўшниларни ҳам бу ҳаракат ортидан эргаштиради.
Айни шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик минтақавий интеграциянинг икки ҳаракатлантирувчи кучи сифатида домино эффектини яратди. Бу нуқталар мақолада ҳам алоҳида келтириб ўтилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида яқинда имзоланган иттифоқчилик шартномаси ва Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги жараёнлар ҳам бунинг муҳим кўрсаткичи сифатида баҳоланиши мумкин. Ушбу келишувлар билан Каспий денгизи марказида жойлашган Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари ўртасидаги узилиш қайта тикланади.
– Айни шу йиғилишларда “юз йиллардан буён янграмаган, қўрқув ва талваса ичра тилларга кўчмаган улуғ бир ғоя – “минтақа интеграцияси”, “минтақавий ўзига хослик” деган сиёсий чақириқлар ўртага ташланди” дея келтиради муаллиф мақола давомида.
Сиз ушбу қарашларни қандай ифодалаган бўлар эдингиз?
– Бу икки муҳим тушунчалар аслида энг катта йўқотиш бўлган ва, аввало, иккала раҳбарни ҳам буни қайтаришдаги интилиш, мардонавор ҳаракатлари билан табриклайман.
Дунёнинг баъзи жойларида бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган цивилизация, маданият ва эътиқодга эга бўлган давлат ва халқлар бирлашмоқда. Айни пайтда минтақавий ўзликка бўлган интилиш минтақадаги бўлиниш кишанларини бузди. Туркистон ҳудуди туркистонлик руҳи билан янги дунё тузумида ўз ўрнини эгаллайди.
Шу нуқтаи назардан, худди мақолада келтирилганидек, “минтақавий интеграция” ва “минтақавий ўзлик”ка яна эга бўлиш бу глобализмнинг ҳалокатли таъсирига қарши минтақавий рефлекснинг уйғониши ва қайтиши, дейишим мумкин.
– Мақолада Қудратилла Рафиқов минтақа халқларининг бирдамлиги хусусида сўз юритар экан, шундай ибораларни келтиради: “минтақа халқларининг “ўғирланган” ўзлиги”, “йўқотилган қалб”, умуммиллий ғурур хусусида кечаётган фикрларда айни ибора ярқ этиб кўзга ташлангани сабаби шундаки, миллий ўзликдан янада чуқурлашиб, балки кенгайиб, минтақа ўзлигига, қадим томирларнинг жонланишига, қадим дарёларда яна обиҳаёт оқишига ишора бераётгандек туюлади.
Сизнингча, “ўғирланган” ўзликнинг қайтиши минтақа халқларининг ҳаётига, умуман, минтақанинг бугунги геосиёсий манзарасига – иқлимига қандай таъсир кўрсатади?
–Ўзлик – бу “қалб”дир. Минтақа ушбу руҳнинг аҳамиятини унутиб, уни йўқотганида, у хорижий аралашувлар майдонига айланади ва аксилўзликка дуч келади. Шуни унутмаслик керакки, ўзлик инқирозини бошдан кечираётган минтақа тўлиқ мустақилликка ва мустаҳкам келажакка эга бўла олмайди. Бу тушунча йўқолса, бирлик ҳам йўқолиб кетади. Умумий ўзлик, идентиклик, яъни кимлик деган тушунча ҳис этилмас экан интеграция ва бирлик учун бўлган ҳаракат муваффақиятсиз кечади.
Демак, ўзлик, идентиклик , яъни кимлик каби тушунчаларни билиш ва ҳис қилиш – бу омон қолиш демакдир. Замонавий дунёда ҳокимият учун кураш бу аслида юксак цивилизация учун кураш деганидир.
Бу босқичда “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойили бугунги кунда ҳам империализмнинг энг фойдали стратегияси сифатида қўлланилади. Марказий Осиё, Туркий дунё мақсадли географик ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Шунинг учун “ўғирланган” ўзлик” ёки “унутилган ўзлик”ни қайтариш келажак учун катта аҳамиятга эга. Уни қайта тиклаш билан минтақада ҳақиқий бирликка эришилади ва янги кўп қутбли дунё тартибида ўз ўрнини эгаллаш мумкин бўлади. Демак, Туркистон ўзининг миллий ва тарихий кодларига қайтишни бошлади. Бу воқеаларнинг барчаси шундан далолат бермоқда.
– Август ойининг яна бир катта воқеаси бу Парижда ўтказилган Олимпиада бўлди. Унда Ўзбекистон қайд этган натижадан, албатта, Туркий давлатлар халқлари ҳам бирдек қувонди, биз спортчиларимиз мувафaақиятини барча қардошларимиз умумий ғалаба сифатида қабул қилишганидан хурсандмиз. Дунё экспертлари бу салмоқли натижалар Ўзбекистоннинг турли соҳаларда минтақадаги акторга айланаётганининг белгисидир, деб таъкидлашмоқда. Шу ўринда, Сизнинг фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Олимпиадада Ўзбекистон эришган натижалар биз учун катта қувонч ва ғурур манбаи бўлди. Янги Ўзбекистон – барча соҳаларда ёрқин юлдуздир. Спортда шаклланаётган бу манзара Ўзбекистон минтақавий ва глобал миқёсда муносиб, соғлом ўсиш сиёсатини олиб бораётганидан далолат беради. Унинг ёш, ҳаракатчан аҳолиси нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунёнинг келажаги порлоқлигидан далолат беради.
Эришилган натижани туркий дунёнинг ютуғи деб билдик. Бошқа экспертлар ҳам фикрларимга қўшиладилар, деб ўйлайман. Ушбу умумий туйғу шундан далолат берадики, узоқ бўлсак ҳам қалб алоқасини узиш мумкин эмас. Мен буюк руҳ деб атайдиган ўзликни танамиз эртами-кечми англаб етади. Олимпиадада эришилган муваффақият эса мазкур руҳнинг қайтишини тезлаштирди.
Умуман олганда, тилда, ишда, ғояларда ва юракда бирлик бўлиши керак ва бу сари қадам ташланмоқда.
Мен ҳам Ўзбекистон, Марказий Осиё ва туркий дунёдаги қардошларимизга ўз меҳр-муҳаббатим ва ҳурматимни изҳор этаман.
ЎзА