Тил жамият ўзлигининг ўлчовидир...
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Айниқса, кейинги икки йил давомида давлат тилини янада ривожлантириш, унинг нуфузини нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки хорижда ҳам ошириш, давлат ташкилотлари ва органларида иш юритишнинг тўлиқ давлат тилида бўлишини таъминлаш ҳақида кўп гапирилиш билан бирга, амалий чоралар ҳам кўрилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Зеро, фақатгина биз эмас, бутун дунё миллат ва элатларда асосий мулоқот воситаси ва манбаи бу уларнинг миллий тили эканлиги ҳаммамизга кундек равшан. Шундай экан ҳар бир тилнинг асраб-авайланиши, сақланиши, замон ривожланиши билан янада бойитилиши ва бунинг натижасида келажак авлодга муносиб тарзда етказиб берилиши ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан тил халқларни бирлаштиради, миллатни тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди, уларнинг авлоддан авлодга ўтишини, давомли бўлишини таъминлайди. Бугун давлат тилининг аҳамиятини янада ошириш, ташкилот ва идораларда давлат тилида иш юритилишини таъминлаш мақсадида давлат ташкилотлари ва органлари раҳбарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, республикамиздаги туман ва шаҳарлар ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси фаолият кўрсатиб келмоқда.
Давлат тилини ривожлантириш, унинг фойдаланилиш доирасини кенгайтириш борасида эришилаётган ютуқларимиз чўнтагимизда, уларни биздан ҳеч ким тортиб ололмайди. Устозлар ўсишни, ривожланишни, юксалишни, такомиллашишни истар эканмиз, фаолиятимизга доим танқидий назар билан қарашимиз кераклигини уқтириб келишади. Шу йилнинг 13 июль куни вазирлик ва идоралар, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг маслаҳатчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири А.Қирғизбоев, ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқларга ёки маълум бир натижаларни қўлга киритган, ўз тизимида давлат тилининг устуворлигини таъминлаётган фидойи маслаҳатчиларга эмас, ҳалигача қайси лавозимда эканлигини, вазифаси нималардан иборатлигини тушунмаётганларга эътибор қаратди. Бизнинг ёшимиз унчалик ҳам катта бўлмагани билан бир пайтлар бирор вазирлик ёки идорага кириб, ходимларнинг аксарият қисми рус тилида сўзлашаётганлигини кўриб, бу тилда саломлашишдан нарига ўтолмаслигимизни билиб, “келгусида мен қандай ишлар эканман” деган ҳадик пайдо бўлган. Кундалик мулоқот тили рус тили бўлса-ю, сен рус тилини билмасанг, қандай ишлайсан? Ёки ҳозирда ҳам йиқилса ҳам курашга тўймайдиган полвонга ўхшаб, ўзаро бошқа тилда мулоқот қиладиган, маслаҳатчилар ишига “шуям иш бўлдию” деган кинояли назар билан қарайдиганлар йўқ эмас. Минг афсус билан айтиш керакки, ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, қатъий чора-тадбирлар белгиланмасин барибир ҳалигача рус тилида хат-ҳужжатларни алмашаётган вазирлик ва идоралар мавжуд. Уларнинг номини бирма-бир айтиб ўтиш ниятимиз йўқ.
Андишанинг отини қўрқоқ қўймаслик керак, менимча. Лекин нега? Нега мамлакат Президенти иш юритиш тили инглиз ва француз тили, расмий тиллари эса инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тиллари бўлган ва бошқа тилда чиқиш қилишни истаган делегация ўз маъруза матнининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тиллардан биридаги оғзаки ёки ёзма таржимасини тақдим қилиши керак бўлган БМТнинг бош минбаридан туриб давлат тилида нутқ сўзлайди-ю, биз оддийгина хатни давлат тилида ёзишга ор қиламиз? Нега Давлат раҳбари шундай жасорат кўрсатиб турганда биз ўз корхонамиз, дўконимиз номини ажнабий тилдаги сўз билан атаймиз? Нима, бизнинг тилда қайсидир маҳсулотга ёки хизматга мос сўз топиш шунчалар қийинми? Ўзбек тили шунчалар камбағалми, дегинг келади. Шу ўринда, охирги кунларда кенг муҳокамага сабаб бўлган баъзи мавзуларга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.
Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги 61-сон қарорига асосан 2023 йил 1 январдан тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш белгиланган. Ҳали бунгача икки йилдан кўпроқ вақт борлигини инобатга олиб, жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан мана шу жараённинг бир қисмини жадаллаштириш бўйича чоралар кўришга қарор қилинибди. Бунинг нимаси ёмон? Билиб-билмай бу воқеликни ҳам ҳар кўйга солиб кўрдик. Ёки бўлмаса, яқиндагина содир бўлган Чирчиқ воқеаси. Ҳой инсон, бу лойиҳа ташаббускорлари рус тилидаги сўзнинг ўзбек тилидаги таржимасини омма ўртасида кенг тарғиб қилмоқчи бўлишди. Бунинг нимаси ёмон? Шу баҳонада биз ўзимиз тушуниб ёки тушунмай фойдаланаётган сўзларнинг ўзбек тилидаги маъносини билиб олишимиз мумкин энди. Ахир хорижий тилни ўрганиш учун турли луғатлардан фойдаланамизку. Буям бир луғатдек гап эди. Давлат тили тарғиботига қаратилган бу фаолиятни ҳар хил бўлмағур номлар билан аташнинг, жазавага тушишнинг нима кераги бор эди? Вазирликда фаолиятнинг 99 фоизи давлат тилида юритилмоқда. Нега юз эмас, деяпсизми? Бир фоиз ҳужжатлар мамлакатимиздаги хорижий давлатлар элчихоналари, ташкилот ва корхоналар ваколатхоналари ёки чет давлатларга юбориладиган ҳужжатлар ҳисобланади.
Биз бағрикенг халқмиз, кимларгадир ўхшаб, ўз она тилида ҳужжат тайёрлаб, керак бўлса, ўқиб ол, демаймиз. Имкони борича мурожаат қилинган тилда ёзамиз. Бундан ташқари, бизга қилинган мурожаатларга немисларга ўхшаб бошқа тилда ёзилгани учун мурожаатнинг давлат тилидаги таржимасини талаб қилмасдан, унинг тилида жавоб қайтарамиз. Ҳа, нега шуни давлат тилида қилса, бўлмайдими, деган саволингиз ўринли. Лекин бизда баъзи қонун ҳужжатлари мурожаатчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, унга устунлик беради.
“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририда балки бу каби саволларга ўрин қолмас, баъзи ҳолатларнинг олдини олиниб, 32 йил олдин қабул қилинган қонундаги камчиликлар бартараф қилинар, деган умиддамиз. Унгача эса давлат ташкилотлари мурожаатчининг тилида жавоб қайтаришга мажбур. Бўлмаса, мен мурожаат қилган тилда жавоб қайтарилмади деб, шикоят қилишлари мумкин...
Ёки бўлмаса, Туркияда бўлгани каби барча ёзишмалар, ёзув ва ҳисоб-китобларнинг ҳеч қандай истисноларсиз давлат тилида олиб борилишини талаб қилиб ўтирмаймиз, юридик шахслар ўртасида тузилган давлат тилида бўлмаган шартномаларни бекор ҳам қилмаймиз. Энг кўп муҳокамаларга сабаб бўладиган рус тилидан бемалол фойдаланамиз. Шунчалар бағрикенг, меҳмондўст халқмизки, икки ўзбек суҳбатлашиб турган жойга бошқа миллат вакили келиб қўшилса, унинг ёки у тушунадиган тилда гаплашамиз. Ҳеч қачон нега у менинг тилимда гапирмаяпти, деган саволни ўзимизга бермаймиз? Савол бериш у ёқда турсин, бу фикрни хаёлимиздан ҳам ўтказмаймиз. Фаолият давомида имконият ва шароитдан келиб чиққан ҳолда барчага давлат тилида иш юритишни ўргатишга ҳаракат қиляпмиз. Эътирозлар, қаршиликлар ҳам йўқ эмас, аммо энг асосийси, биринчи раҳбарнинг қўллаб-қувватлаши ва бу жараённи шахсан назоратга олгани инсонни янада кўпроқ ишлашга ундайди. Маънавий-маърифий ишлар ҳам меъёрида. Айниқса, бугунги пандемия шароитининг кўп одам тўпламаслик, ижтимоий масофани сақлаш каби шартларидан келиб чиқиладиган бўлса, ҳар ҳафта жума куни вазирлик марказий аппарати бошқарма ва бўлимлари, шунингдек, тизимдаги корхона ҳамда ташкилотлар раҳбар-ходимлари учун видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказиладиган ҳуқуқий-маърифий соатлар давомида керакли маълумотлар берилиб, онлайн маърузалар қилинмоқда.
Дарвоқе, 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги ҳамда “Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида шеърий табрик ёздик. Бир қатор таниқли шоирларимизнинг шеърларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Она тилим ўлмайди” шеърини танладик.
Бир нарсани унутмайлик! Тарихда ҳеч бир миллат тилсиз яшамаган. Демак, бир миллат сифатида яшашнинг йўли тилдан ўтиши билан бирга бир жамиятга айланишнинг йўли ҳам мустақил тилга эга бўлишдан ўтади. Тил бир миллатнинг бошқа бир миллатдан бошқача гапиришидир. Миллатлар туйғуларини, фикр-мулоҳазаларини, коинотдаги бутун борлиқларни ўзига хос атайди. Тил бир миллатнинг овоз дунёсидир. Миллат мана шу маънода тилга ўз тамғасини уради. Тил миллат ўзлиги, миллий хотиралари, туйғулари ва фикрлари, барча моддий ва маънавий қадриятлар, кашфиётлар хазинасидир.
Инсон учун оригиналликнинг илк шарти ўзлик бўлса, жамиятда бу ўзликнинг илк ўлчови тилдир. Биз миллат сифатида тарихда бошдан кечирган яхши-ёмон, бахтли-бахтсиз онлар, ҳодисаларни мана шу тилимиз билан айтиб берамиз. Тил тарих, адабиётнинг ифода воситасидир. Давлат тилининг аҳамиятига Президент даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда, албатта, вазирлик ва идораларда давлат тилида иш юритишни таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, аммо бу билан тўхтамаслик, чегараланиб қолмаслик керак, назаримда. Бундан ташқари, бу иш фақатгина маслаҳатчининг эмас, балки бутун жамоанинг иши. Агар ҳар ким ўзининг кичкина бўлса ҳам ҳиссасини қўшадиган бўлса, кўзланган манзилга белгиланган муддатдан олдинроқ етиб борамиз.
Нурулла АБДУЛЛАЕВ,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.