Тил — халқларни бирлаштирувчи кўприк
Бугунги глобаллашув даврида халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий маданиятларни ўзаро яқинлаштириш ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш тараққиётнинг муҳим шартларидан бирига айланди. Шу маънода, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, француз тили ва санъатини кенг тарғиб этиш нафақат таълим соҳаси, балки икки халқ ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хорижий давлатлар билан дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, маданий дипломатияни кучайтириш, ёшларнинг замонавий билимлар ва хорижий тилларни эгаллаши учун кенг имкониятлар яратишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу эса халқлар ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, миллий қадриятларимизни жаҳон миқёсида тарғиб этиш ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бундай эзгу мақсадлар қадимий Бухорода алоҳида мазмун касб этади. Асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган, илм-фан, савдо-сотиқ ва маънавият маркази сифатида шуҳрат қозонган бу муқаддас замин бугун ҳам турли халқлар ва маданиятлар мулоқоти учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.
Бухоронинг тарихий обидалари, мадраса ва масжидлари, асрлар синовидан ўтган урф-одатлари нафақат миллий меросимиз, балки бутун инсониятнинг маънавий бойлигидир. Бу заминда турли маданиятлар билан танишиш, уларнинг энг яхши жиҳатларини ўрганиш ва миллий қадриятларимиз билан уйғунлаштириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Бухорода Франция маданияти кунларига бағишланган тадбирлар тил, адабиёт, санъат ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим майдон бўла олади. Бундай ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, улар инсонларни фақат янги тилни ўрганишга эмас, балки бошқа халқнинг дунёқараши, тарихи, тафаккури ва ҳаёт тарзини англашга ҳам ундайди. Зеро, тилни ўрганиш — луғат ёдлаш ёки грамматик қоидаларни ўзлаштириш билангина чекланмайди. У орқали инсон бошқа халқнинг адабиётини ҳис қилади, санъатини англайди, фикрлаш тарзи билан танишади. Демак, француз тилини ўрганиш ёшлар учун янги билимлар оламига эшик очиш билан бирга, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Бухорода француз тилини ўқитиш, унинг маданий-маърифий имкониятларини кенг тарғиб этиш борасида самарали фаолият олиб бораётган мутахассислардан бири — Бухоро давлат техника университети Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси профессори, филология фанлари доктори, Турон фанлари академиги Малоҳат Жўраева. Унинг кўп йиллик педагогик ва илмий фаолияти замирида бир муҳим мақсад мужассам: ёшларга хорижий тилни пухта ўргатиш, уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва халқаро майдонда ўз салоҳиятини намоён этиши учун йўл очиш.
Профессор Жўраева ўз фаолиятида тил таълимини ижодкорлик ва маданий мулоқот билан уйғунлаштириб келмоқда. Унинг раҳбарлигида талабалар француз тилидаги театр ва қўшиқ фестиваллари, шеърхонлик танловлари ҳамда турли маданий-маърифий тадбирларда қатнашиб, ўз билим ва истеъдодларини намойиш этиш имконига эга бўлганлар.
Бу борадаги эътиборга молик натижалардан бири 2016–2017 ўқув йилида кузатилган. Профессор раҳбарлигида тайёрланган етти нафар талаба Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этилган ўқувчи ва талабаларнинг театр ҳамда қўшиқ фестивалида иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритган. Бу ғалаба шунчаки танлов натижаси эмас эди. У пухта тайёргарлик, устознинг фидойилиги, талабаларнинг изланиши ва жамоавий ҳамкорлик самарасини намоён этди. Энг муҳими, ёшлар француз тили орқали ўз ижодий қобилиятини намоён этиш, бошқа халқ маданиятини англаш ва халқаро майдонда муносиб иштирок этиш мумкинлигини амалда исботладилар. Кейинги йилларда ҳам профессор шогирдларининг француз тилидаги саҳна чиқишлари ва шеърхонлик танловларида эришган ютуқлари мазкур тажрибанинг изчил давом этганини кўрсатади.
[gallery-31894]
Аслида, устозликнинг энг катта мукофоти — шогирднинг ютуғидир. Бугунги талаба эртанги олим, таржимон, педагог ёки халқаро ҳамкорлик мутахассиси бўлиб етишиши мумкин. Унинг қалбида илмга муҳаббат, бошқа халқларга ҳурмат ва янгиликка интилиш туйғуларини уйғотиш эса таълимнинг энг юксак вазифасидир.
Малоҳат Жўраеванинг фаолияти фақат аудиториядаги машғулотлар билан чекланмайди. Унинг илмий изланишлари когнитив тилшунослик, чоғиштирма тилшунослик, қиёсий адабиётшунослик ва таржимашунослик каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Ушбу соҳалардаги тадқиқотлар тилнинг ички қонуниятларини англаш, турли халқлар адабиёти ва тафаккурини қиёсий ўрганиш, таржима орқали маънавий бойликларни бир маданиятдан бошқасига етказиш имкониятларини кенгайтиради.
Профессорнинг илмий ишлари, монографиялари, дарслик ва ўқув қўлланмалари замонавий филология ҳамда тил таълими ривожига қаратилган. Илмий конференциялар ва халқаро лойиҳалардаги иштироки эса тажриба алмашиш, янги таълим усулларини ўрганиш ва уларни маҳаллий таълим амалиётига татбиқ этишга хизмат қилади. Айниқса, Erasmus+ дастурлари доирасидаги фаолияти, жумладан, Болгариянинг София университети, Франциянинг INSHEA ҳамда Германиянинг Мюнстер университети билан боғлиқ ҳамкорлик лойиҳаларидаги иштироки халқаро академик алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг муҳим қисмидир.
Франция маданияти кунларининг мазмун-моҳиятини фақат концертлар, кўргазмалар ёки саҳна чиқишлари билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг ҳақиқий қиймати турли халқлар ўртасида ўзаро англашувни кучайтириш, ёшларда бошқа маданиятларга нисбатан қизиқиш ва ҳурматни шакллантириш, янги ҳамкорлик алоқаларига йўл очиш билан белгиланади.
Профессор Малоҳат Жўраеванинг кўп йиллик педагогик ва илмий фаолияти тил таълими, ижодкорлик ва халқаро ҳамкорликнинг ўзаро узвийлигини намоён этади. Унинг тажрибаси бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: ёшларга берилган сифатли таълим, уларнинг истеъдодига кўрсатилган эътибор ва халқаро майдонда ўзини намоён этиши учун яратилган имкониятлар эртанги тараққиётга қўшилган муҳим ҳиссадир. Зеро, француз тилини ўрганган талаба фақат янги сўзларни эмас, янги дунёқарашни ҳам ўзлаштиради. Бошқа халқнинг маданиятини англаган инсон эса ўз маданиятининг қадрини янада чуқурроқ ҳис этади.
Бухоро заминида янграган ҳар бир французча қўшиқ, саҳнада айтилган ҳар бир шеър, илмий мулоқотда билдирилган ҳар бир фикр халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи маънавий риштага айланиши мумкин. Ана шу ришталар мустаҳкамланган сари дўстлик кенгаяди, ҳамкорлик ривожланади ва янги авлод учун янада катта имкониятлар эшиги очилади. Чунки тил — фақат сўзлашиш воситаси эмас, у қалблар ўртасидаги кўприкдир. Маданият эса ана шу кўприкдан халқларни бир-бирига етаклайдиган буюк кучдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари