Тиббиётимиз жонкуярларидан бири эди
Врач акушер-гинеколог Хадича Хидирова Қашқадарё вилояти тиббиётининг жонкуярларидан бири эди. У салкам 40 йиллик фаолияти давомида минглаб болажонларнинг ёруғ дунёга келиши йўлида меҳнатини аямади, қанчалаб оиланинг қувончига шерик бўлди.
Хадича опа илк фаолиятини 1981-1982 йиллари вилоят туғруқхонасида врач акушер-гинеколог вазифасидан бошлаган.
У икки фарзандни оқ ювиб-оқ тараб, жамиятга нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбиялади.Қизи Шаҳноза врач-отолоринголог, ўғли Шерзод ички-ишлар ходими.
– Она биз фарзандлар учун Оллоҳ томонидан берилган энг буюк туҳфа экан, – дейди онасини хотирлаб Шаҳноза. –Онам ҳаётда талабчан, тартиб- интизомни қадрлайдиган аёл эди. Гулларни яхши кўрарди.Уйимизга меҳмонга келган кишининг турли ва ранг-баранг гуллар ифоридан баҳри дили очиларди. 2008 йил укамни уйлантирдик. Аям соҳасини шу қадар қадрлардики, келинни ҳам тиббиёт соҳасида ўқиган қизлар орасидан излаган.
Келинимиз Феруза Дўстқобилова туман тиббиёт бирллашмаси физиотерапия бўлими шифокори лавозимида ишлаб келмоқда.Дадам Тўхтаев Бобомурод таълим соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга инсон эди.У кишининг вафотларидан кейин онам ўзини иш билан овутди.Касбига янада фидойилик билан ёндашди. 2014 йилдан буён Қашқадарё вилояти Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасида гинекология бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан онам каби тиббиёт ходимларининг меҳнатлари, босиб ўтган ҳаёт йўли муносиб тақдирланаётганлиги кўпчилик қатори мени ҳам қувонтирди. Мен ҳам шифокор сифатида тизимда амалга ошириши режалаштирилаётган ислоҳотларни интизорлик билан кутяпман.
Тақдир ўзининг якуний сўзини қачон айтишини инсон билмас экан.Фидойи шифокор, ғамхўр она Хадича Хидирова беморларни қабул қилиш жараёнида ковид инфекциясини юқтириб олди ва Тошкент шаҳрига даволанишга келди.Даволаниш чоғида Тошкент вилоятидаги Зангиота шифохонасида вафот этди.
Х.Хидирова Соғлиқни сақлаш аълочиси, олий тоифали шифокор эди.
– Афсуски, ковид инфекциясига қарши курашишда кўплаб жонкуяр, тажрибали шифокорларимизни йўқотдик, – дейди, Қамаши тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори З.Эшонқулов. – Улар доимо ёдимизда барҳаёт бўлиб қолади. Бугунги кунда устозларимизнинг кўпдан кўп шогирдлари уларнинг шарафли ишини давом эттиришмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА