Андижонда тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Хонобод шаҳридаги сўлим “Хонобод” сиҳатгоҳи ўтказилган асосий байрам тадбирига кириб келган фидойи шифокорлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, шунингдек, вилоят тиббий муассасалари жамоаларининг илғор вакиллари, устоз шифокорлар иштирокидаги тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда сидқидилдан меҳнат қилаётган шифокорларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди.
[gallery-20291]
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов соҳа ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этди. Президентимизнинг тиббиёт ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам тадбирида Президентимиз фармони билан тақдирланган соҳа ходимларига орден ва медаллар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, юртдошларимиз саломатлигини сақлаш йўлида самарали меҳнат қилаётган, бир гуруҳ илғор ва фаол тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, рақслар барчага хуш кайфият улашди.
Бу каби байрам тадбирлари барча туман ва шаҳарларда бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари