Тиббиёт ходимлари юксак мукофотга лойиқ кўрилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 октябрдаги “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган эди. Мукофотланганлар орасида навоийлик икки нафар тиббиёт ходими ҳам бор.
Навоий вилояти ҳокимлигида ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, фаоллар иштирок этган учрашувда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Сулаймонов тизимдаги ислоҳотлар, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра, Зарафшон шаҳар кўп тармоқли марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлими шифокори Галия Тойимбетова “Дўстлик” ордени ва Хатирчи туманидаги 28-оилавий поликлиника оилавий шифокори Зафар Тўраев “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланди.

Учрашувда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири