“Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан “Навоий вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи кубоги” учун мини-футбол мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида мунтазам равишда спорт мусобақаларини ўтказиб туриш қайд этилган.
Дастлаб мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар спорт инсонларни бир-бирига яқинлаштириши, қувноқ ва кўнгилочар суҳбатлар ишчанлик кайфиятини ошириб, меҳнат унумдорлигига катта ҳисса қўшиши, бу каби спорт тадбирларини кейинчалик ҳам тизимли ташкил этиш ҳақида сўз юритди.
Бошқарма, туман ва шаҳар бўлимларида фаолият олиб бораётган ходимлардан тузилган жамоалар ўртасида бўлиб ўтган мусобақа якунида вилоят бошқармаси жамоаси 1-ўринни, Кармана туман бўлими жамоаси 2-ўринни, Хатирчи туман бўлими жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Барча ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири