Тиббиёт ходимлари фарзандлари учун контракт субсидияси қандай тартибда ажратилади?
Давлат тиббиёт муассасаларида узоқ йиллар меҳнат қилаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг фарзандларига олий таълимдаги тўлов-контракт харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби жорий этилди.
Мазкур имтиёз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.
Шу ўринда савол туғилади: мазкур имтиёздан фойдаланиш учун қандай шартлар белгиланган?
Низомга кўра, мазкур имтиёз давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишида ўқиш учун йиллик тўлов-контракт суммасининг бир қисми субсидия сифатида қоплаб берилади.
Низомга кўра, субсидия йиллик тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми учун ажратилади. Ушбу маблағ ходим ёки талабанинг банк картасига эмас, балки фарзанд таҳсил олаётган давлат ёки хусусий олий таълим ташкилотининг ҳисоб рақамига тўғридан-тўғри ўтказилади.
Субсидия олиш учун ариза subsidiya.imv.uz электрон платформаси орқали юборилади. Фарзанд билан қариндошлик, олий таълим муассасаси, бакалавриат босқичи, талабалик мақоми ва тўлов-контракт суммасига оид маълумотлар тегишли ахборот тизимлари орқали автоматик тарзда текширилади. Маълумотлар тасдиқлангач, ариза электрон шаклда юборилади.
Агар ходимнинг бакалавриат босқичида таҳсил олаётган ёки талабаликка тавсия этилган бир нечта фарзанди бўлса, ҳар бири учун алоҳида ариза юборилади ва субсидия ҳар бир талаба бўйича алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА