Тиббиёт ходимининг меҳнати унинг жамият ва оиладаги ўрнида сезилмоқда
Икки неъмат борки, унга эга бўлган инсон чин маънода бахтли саналади: саломатлик ва хотиржамлик. Бу муболаға эмас. Хотиржамлик – оила тинчлиги, юрт фаровонлиги билан таъминланса, тан соғлиғи инсоннинг ўзи ёки саломатлик посбонлари бўлмиш шифокорларнинг хизмати билан таъминланади. Шукрона айтишимиз лозимки, хотиржамлигимиз юрт тараққиётида акс этмоқда. Шундай экан, кўплаб соҳалар қатори юртимизда тиббиёт тизими ва соҳа вакилларига яратилган имкониятлар кўлами ошмоқда.
– Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз, – дея таъкидлаган эди Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда.
Айни мақсадларда сўнгги ўн йилда юртимизда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилди, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий муассасалар кўпайиши ва хусусий сектор ривожланиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди. Дарҳақиқат, юртимизда ислоҳотлар бардавом бўлиши учун аввало соғлом зурриёт муҳим.
– Бугун тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ, – деди соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Элмира Боситхонова. – Аслида, тиббиёт ходимларининг ҳар бири ҳамиша эътироф ва қўллаб-қувватлашга муҳтож. Нега? Чунки улар инсонлар дарди, кези келганда, оғир беморлар тақдири билан шуғулланади. Йилига уч юз олтмиш беш кун беморлар билан мулоқотда бўлиш, уларни даволаш, касбий ютуқ ёки мағлубиятларга тўқнаш келиш – буларнинг барчаси шифокор меҳнати юксак қадрланишига лойиқ эканини кўрсатади. Ушбу эътироф уларнинг жамиятдаги ва оиладаги ўрнида акс этиши муҳим. Давлатимиз раҳбарининг давлат сиёсати даражасидаги бугунги эътибори ва эътирофи биз учун жуда қадрли.
Жаҳон тажрибасида мамлакатлар тиббиётни рақамлаштиришга йигирма-ўттиз йил давомида эришади. Юртимизда эса сўнгги ўн йилда тизим самарали жорий этилгани натижасида бугун электрон поликлиника, электрон рецепт ва ордер бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди. Бу орқали соҳада шаффофлик таъминланди ва зарур тартиб ўрнатилди.
Яна бир муҳим йўналиш, бу оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласидир. Ўзбекистон ўз тиббиёт тарихида биринчи марта икки юз ўттиз битта туғруқ комплексини тўлиқ жиҳозлаб, халқаро стандартлар даражасига кўтарди. Эндиликда мамлакатимиз ҳар қандай оғир аҳволдаги ҳомиладор аёл ва чақалоқни критик ҳолатдан олиб чиқиш имкониятига эга. Юртимиз тиббиётидаги ушбу тарихий ютуқни бутун дунё ҳамжамияти, жумладан, UNICEF, UNFPA каби халқаро ташкилотлар ҳамда дунёнинг энг нуфузли тиббиёт марказлари экспертлари ҳам тан олмоқда.
Кейинги босқичдаги энг муҳим вазифамиз – бирламчи тизимда ҳар қандай касалликнинг профилактикаси билан жиддий шуғулланишдир. Аслида, касалликларнинг олдини олиш нафақат тиббиёт ходимларининг, балки бутун жамиятнинг, барча дахлдор вазирлик ва ташкилотларнинг умумий вазифасидир. Бу борада давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида алоҳида тўхталиб: “Биз Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш миллий ҳаракатини бошлаймиз”, деб таъкидлаган эдилар.
Шу асосда умуммиллий ҳаракатни бошлаганмиз, бироқ бу ишларни тизимли давом эттириш ва янада кучайтириш олдимизда турган асосий вазифалардан. Касалликларни эрта босқичда аниқлаш орқали нафақат уларнинг оғир асоратларини, балки салбий оқибатлар, жумладан, ўлим ҳолатларининг олдини олган бўламиз. Бу эса, ўз навбатида, ҳам давлат миқёсидаги иқтисодий самарадорликка, ҳам ҳар бир оиланинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилади
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА