Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Таиланднинг нуфузли “Samitivej” халқаро болалар шифохонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Битимдан кўзланган мақсад тиббий хизматлар сифатини ошириш, билим алмашиш ва кадрлар малакасини ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Томонлар келгусида биргаликда клиник амалиёт, академик алоқалар ва тиббий тадқиқотларни яхшилашда қўшма фаолият олиб боради.
***
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида Тиббий хизмат сифатини ички назорат қилиш ҳамда оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича таҳлилий штабнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
У марказнинг ҳудудий филиаллари билан тўғридан-тўғри ва узлуксиз алоқани таъминлайдиган, шунингдек, тиббий хизматлар самарадорлигини реал вақт режимида мониторинг ва таҳлил қилиш, ўта оғир вазиятларга тезкорлик билан муносабатда бўлиш ва профилактика чораларини амалга ошириш имконини берадиган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Шу билан бирга, муассасанинг поликлиника бўлимида капитал таъмирланиб, модернизация қилинган рўйхатхона ҳам очилди. Янги макон беморларга қулай ва технологик жиҳатдан илғор хизмат кўрсатишнинг замонавий стандартларига тўлиқ жавоб беради. Бу ерда маълумотлар базаси модернизация қилинди, электрон поликлиника жорий этилди. Бу эса қайд этиш, таҳлилларни тайинлаш, даволаниш ва бемор тарихини кузатишни рақамли тарзда юритиш имконини яратади.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Венгриянинг “Plasma Expert Group” компанияси вакиллари билан навбатдаги учрашувда қон плазмаси билан боғлиқ биотехнологик йўналишлардаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Компания вакиллари томонидан Ўзбекистонда мавжуд инфратузилма, қон марказлари фаолияти юқори баҳоланган ҳолда Европа стандартлари асосида лойиҳани амалга ошириш истиқболлари ҳар томонлама ўрганилаётгани ва шу мақсадда ишчи гуруҳ шакллантирилгани маълум қилинди.
Мулоқот доирасида Ўзбекистонда биофармацевтика соҳасида барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш учун амалий қадамлар белгилаб олинди.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов "Qurecraft" халқаро шартномавий тадқиқот ташкилоти билан ишчи учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистонда клиник тадқиқотларни ривожлантириш учун давлат-хусусий шериклик доирасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Хусусан, рақамли инфратузилмани яратиш, тиббиёт муассасаларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, хорижий фармацевтика компанияларини мамлакатга жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
"Qurecraft" компанияси дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш ва меъёрий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Тадқиқотларни бошқаришнинг шаффоф тизимини шакллантириш, беморларнинг ягона реестрини юритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ДХШ концепциясини янада такомиллаштириш ва тегишли бизнес-кейсни тайёрлашга келишди.
***
ЖССТ томонидан тақдим этилган лаборатория жиҳозлари нафақат соҳа ривожида, балки юртимизда санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу жиҳозлар лаборатория ходимларини юқумли касаллик қўзғатувчиларидан ҳимоя қилишга, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга, аниқ лаборатория ташхисини таъминлашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 30 июнидан 4 июлигача ЖССТ томонидан сертификатлаш бўйича миллий мутахассислар учун ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА