Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан Самарқандда ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуман қизғин кечди.
“Замонавий эндокринологиянинг долзарб масалалари: инновациялардан реал клиник амалиётгача” мавзусидаги ушбу нуфузли тадбирда Буюк Британия, Германия, Россия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Беларусь, Грузия, Қозоғистон каби давлатлардан соҳанинг энг етакчи мутахассислари, олимлар ҳамда экспертлар иштирок этди.
Эндокрин тизими инсон танасида барча ҳаётий жараёнларни тартибга солишда асосий роль ўйнагани боис, бу йўналишдаги хасталикларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва асоратлари хавфини камайтириш жуда муҳимлиги таъкидланди. Президентимиз ташаббуси билан хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эндокрин касалликлар скринингидан ўтказиш тизими йўлга қўйилишининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Анжуманда олимлар ва экспертлар бу хасталикларнинг дунё бўйича ҳолати, уларнинг олдини олиш ва даволашнинг янги усуллари ҳақида маълумот берди. Бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар тақдимоти ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотяпти.
***
Миллий тиббиёт марказида ўтказилган навбатдаги мураккаб юрак амалиёти – митрал клапан пластикаси нео-хорд имплантацияси билан бирга аорто-коронар шунтлаш операцияси муваффақиятли бажарилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур операция марказда илк марта ўтказилгани билан аҳамиятлидир. Амалиёт юрак клапанининг функциясини тиклаш ва юрак мушагининг қон билан таъминланишини яхшилаш мақсадида амалга оширилди.
Бу осон жараён эмасди. Эътироф этиш жоиз, тажрибали кардиожарроҳлар ишни юқори техник даражада уддалади.
***
Навбатдаги назорат тадбирида Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Тупроққўрғон МФЙ, Алишер Навоий кўчаси, 34-уй манзилида жойлашган "Optovik Farm Daler" МЧЖга тегишли дорихонанинг лицензия талаб ва шартларини бузганлик ҳолати аниқланди.
Тегишли мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 21 турдаги дори воситасини сақлаётган ва реализация қилаётган "Optovik Farm Daler" МЧЖнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Термиз туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди. "Optovik Farm Daler" МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2023 йил 27 февралда берилган 065745-сонли лицензия бекор қилинди.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, мазкур дорихона лицензияси тугатилган дорихоналар манзиллари ва қонун бузилишларига бевосита алоқадор ходимлар (провизорлар, фармацевтлар) нинг ягона реестрига киритилди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш марказий органи томонидан шу йилнинг биринчи чорагида 770 та сериядаги 119 651 012 шартли ўрамдаги дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника учун 307 та мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.
Шунингдек, 49 та сериядаги 408 521 шартли ўрам дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ деб топилди.
***
Тошкент тиббиёт академияси Биотиббиёт муҳандислиги, информатика ва биофизика кафедраси ташаббуси билан даволаш факултети талабалари учун қизиқарли маърузалар ташкил этиб келинмоқда.
Ана шундай илмий-маърифий тадбирларнинг навбатдагиси Бошқирдистон давлат университетидан ташриф буюрган доцент Галия Закриянова иштирокида бўлиб ўтди. Мутахассиснинг “Сунъий интеллект ва унинг тиббиётдаги имкониятлари” мавзусидаги маърузаси талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Маърузада сунъий интеллект технологияларининг тиббиёт соҳасида қўлланилиши, жумладан, ташхис қўйиш, беморларни мониторинг қилиш, даволаш алгоритмларини ишлаб чиқиш ва бошқа кўплаб йўналишлардаги аҳамияти батафсил ёритиб берилди. Шунингдек, машинавий ўрганиш, нейрон тармоқлар, тиббий ахборот тизимлари, шахсийлаштирилган тиббиёт каби замонавий тушунчалар ҳақида тушунарли ва илмий асосланган тарзда сўз юритилди.
***
Тошкент тиббиёт академияси ва Кореянинг Кюнгдонг университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум доирасида Академия ўқитувчилари ва ходимлари учун Кюнгдонг университетида малака ошириш курслари ташкил этилади.
Талабалар учун эса реабилитология, педиатрия ва стоматология йўналишларида амалиёт ва стажировкалар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА