Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов “TIL Healthcare” компаниясининг вакиллари билан учрашди.
Учрашувда Агентлик директори «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида яратилган имкониятлар ва хорижий инвесторлар учун берилаётган имтиёзлар тўғрисида тўлиқ маълумот берди. Шунингдек, мавжуд лойиҳалар ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тарқатишни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, “TIL Healthcare” компаниясининг маҳсулотлари Осиё, Африка, МДҲ, Марказий ва Лотин Америкаси каби ҳудудлардаги 54 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинади ва 500 дан ортиқ маҳсулот рўйхатига эга. Малакали кадрлар ва мустаҳкам инфратузилма билан жиҳозланган компания фармацевтика соҳасида инновациялар ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Компания вакиллари амалдаги лойиҳаларга катта қизиқиш билдириб, маҳаллий ҳамкорлар билан қўшма инвестициялар бўйича имкониятларни ўрганишни режа қилаётганликларини маълум қилди.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Ҳиндистоннинг “Ind-Swift Laboratories” компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
“Ind-Swift Laboratories” компанияси вакиллари Ўзбекистонда онкологик дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқишини билдирди.
Томонлар келгусида потенциал лойиҳаларни амалга ошириш йўлида биргаликда ишлашга келишиб олди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Жаҳон банки вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон фармацевтика соҳасини ривожлантириш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Жаҳон банки вакили бир нечта лойиҳалар доирасида илмий-тадқиқот институтлари, грантлар, ислоҳотлар ва стартаплар бўйича техник ёрдам кўрсатишни таклиф қилди.
Агентлик директори Абдулла Азизов уларнинг таклифларига ижобий муносабат билдириб, ҳамкорликнинг илм-фан ва инновацияларда қандай фойда келтириши мумкинлигига тўхталиб ўтди.
Учрашув якунида икки томон ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ҳукуматнинг ушбу соҳада олиб бораётган ишларини ривожлантириш йўлида биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.
***
Фармацевтика техник университети ректори Абдумалик Жуманов Тошкент тиббиёт академияси қошидаги лицейда илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим бўлган тақдимот ўтказди.
Тадбирда академик юксалишга ва ўзаро ривожланишга қаратилган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу ҳамкорлик талабалар ва ўқитувчилар учун кенг имкониятлар яратиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фармацевтика ва тиббиёт фанлари бўйича таълимнинг ривожига қаратилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА