Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази“ давлат муассасаси ҳамда Соғлиқни сақлаш ва дори воситалари сифати бўйича Европа директорати ўртасида Марказ лабораторияларининг EDQM лабораториялараро таққослаш синовларида доимий иштирокини назарда тутувчи битим имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, EDQM томонидан ўтказиладиган лабораториялараро таққослаш синовларида иштирок этиш марказ лабораторияларига, натижаларни белгиланган шароитларда эталон намунанинг синов натижалари билан таққослаш орқали ўлчовларни бажариш сифатини назорат қилиш имконини беради.
Шунингдек, мазкур келишув умумевропа назорат лабораториялари тармоғига киритилган аъзо лабораториялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келгусида Марказ лабораторияларининг GEON OMSLга аъзолик мақомини киритиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
***
Францияда бўлиб ўтаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Соғлиқни сақлаш хизматлари билан қамраб олишдаги ҳамкорлик бутунжахон конференциясида 20 дан зиёд давлат вакиллари билан биргаликда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори З.Эрматов ҳам қатнашмоқда.
Конференцияда бирламчи тиббий-санитария ёрдами принциплари асосида соғлиқни сақлаш тизимларини трансформация қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришнинг аҳамияти, ЖССТ билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳалар ҳамда иштирокчилар ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
***
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган “CPhI Middle East & Africa” халқаро фармацевтика кўргазмасида Ўзбекистондан “MERRYMED FARM” МЧЖ корхонаси ўзининг 200 хил турдаги маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Мазкур йирик тадбирда 400 дан ортиқ иштирокчи ва 30 минг нафар ташриф буюрувчилар қамраб олинган.
***
Миллий тиббиёт марказида 4 йил аввал чет элда буйрак кўчириб ўтказилган, аммо кейинчалик буйрак етишмовчилиги билан мурожаат қилган беморга такрорий буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.
Бемор илгари трансплантация қилинган буйракнинг функционал етишмовчилиги сабабли марказга мурожаат қилган. Марказнинг юқори малакали трансплантологлари томонидан янги буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, ҳозирда беморнинг соғлиғи барқарор.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров ҳамда Россиянинг академик В.И.Шумакова номидаги клиникаси жигар трансплантацияси бўлими мудири Артём Монахов ва доктор Сергей Масютин учрашувида муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, болалар аъзолари трансплантацияси соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва амалиётларни доимий равишда йўлга қўйиш борасида келишувга эришилди. Учрашув якунида бу йўналишдаги ишларни тизимли равишда амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА