Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров Сурхондарё вилоятига сафари давомида Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалида бўлди. Дастлаб вазир муассасанинг ахборот-ресурс марказида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар томонидан амалга оширилган илмий ишланмалар, лойиҳа ва патентлашга тайёрланган ғоялар билан танишди. Шундан сўнг филиалда таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар билан мулоқот ўтказилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда филиалда даволаш, педиатрия, стоматология, тиббий профилактика, фундаментал тиббиёт, фармация каби 6 та йўналишда 4 минг 600 нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Шундан 4299 нафари бакалавриат, 14 нафари магистратура, 327 нафари ординатура босқичида таҳсил олмоқда. Уларнинг 200 нафардан зиёди хорижлик йигит-қизлардир.
Мулоқотда вазир илмий ишланмалар устида изланиш олиб бораётган иқтидорли талабаларни олий таълимдан кейинги таълимга жалб қилиш, илмли ёшларни рағбатлантириш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўз навбатида, талаба ёшларнинг таклифлари эшитилиб, уларнинг саволларига жавоб берилди.
***
Маълумки, қон беморлар учун бебаҳо ва жуда муҳимдир. Ҳар йили минглаб одамлар мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, оғир касалликларни даволаш ва жароҳатлардан тикланиш учун қонга муҳтож бўлади. Донор қони кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолади ва беморлар ҳолати яхшиланишини таъминлайди.
Ана шуларни теран англаган ҳолда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси марказий аппарати, Тошкент шаҳар, Сирдарё ҳамда Сурхондарё вилоятлари ҳудудий бўлинмаларининг бир гуруҳ ходимлари қон топшириш акциясида иштирок этди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва “Sandoz” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда, “Sandoz” компаниясининг биологик маҳсулотларга бўлган эътибори муҳокама қилинди.
Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш, шу жумладан, биологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан шартнома асосида фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва пост-маркетинг фаолиятини биргаликда амалга оширишга қизиқиш билдирилди. Учрашув якунида икки томон ўзаро маълумот алмашиш ва биргаликда янги лойиҳалар устида ишлашга келишиб олди.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Тамер Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад ўртасида учрашув ташкил этилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Миср компанияларининг Ўзбекистонга инвестиция киритиш истаги ва буни қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида гап борди.
Учрашув якунида икки томон Миср компаниялари ва тартибга солиш органлари билан декабрь ойида давра суҳбати ўтказиш бўйича келишиб олди.
***
Болалар миллий тиббиёт марказида 1 ёшли болада уникал жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Марказнинг нейрохирургия ва ЛОР бўлими шифокорлари ҳамкорлигида амалга оширилган юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди.
Ушбу амалиёт шифокорларимизнинг юқори малакаси, замонавий тиббий технологиялардан самарали фойдаланиш ва жамоавий ишлаш принципларининг ёрқин намунасидир.
Марказ мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришдаги етакчи муассаса сифатида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва малакали тиббий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.
***
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, оғиз бўшлиғи патологиялари – юқумли бўлмаган касалликларнинг энг кенг тарқалган турларидан. Ҳозир дунё бўйича тахминан 3,5 миллиард одам шундай хасталиклардан азият чекмоқда.
Бунинг асосий сабаби, аввало, тиш парваришига эътиборсизлик билан боғлиқ. Оқибатда кариес, милк касалликлари, тишлар тушиши, оғиз бўшлиғи саратонига чалиниш ҳолатлари йил сайин кўпаймоқда.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг қайд этишича, миллионлаб инсонлар оғиз бўшлиғи саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ тиббий хизматлардан фойдалана олмайди. Чунки уларнинг нархи сезиларли даражада қиммат.
Шу боис ташкилот бу борада ҳукуматларни тегишли чораларни ишлаб чиқиш ва профилактика, диагностика ҳамда даволаш қамровини оширишга чақирди.
Хусусан, ЖССТ томонидан оғиз бўшлиғи саломатлиги масалаларига бағишлаб илк бор ташкил этилган глобал йиғилишда 110 дан ортиқ мамлакатлар делегациялари томонидан 2030 йилгача мўлжалланган Оғиз бўшлиғи саломатлиги бўйича қўшма декларация тасдиқланиши кутилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА