Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Пойтахтимизда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда “Science and innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда болалар аллергологларининг учинчи халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилмоқда.
“Болаларда аллергик касалликлар: фанлараро масалалар ва комплекс ечимлар” мавзусига бағишланган ушбу тадбирда мамлакатимиз мутахассисларидан ташқари Россия, Туркия, Грузия каби қатор хорижий давлатлардан олимлар, экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова ҳамда бошқалар томонидан қайд этилганидек, ушбу анжуман болаларда аллергик касалликларни аниқлаш, олдини олиш, даволаш бўйича илғор ёндашувларни ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш борасида платформа вазифасини ўтайди.
Халқаро анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради. Кун тартибидан ушбу соҳа бўйича мамлакатимиз ҳамда чет эллик олимларнинг маърузалари ўрин олган.
***
Миллий тиббиёт марказида россиялик таниқли анестезиолог-реаниматолог ва илмий мутахассис Субботин Валерий Вячеславович томонидан “Жигар трансплантацияси учун гемостаз тизими“ мавзусида семинар ўтказилди.
Айтиш керакки, Субботин Валерий Вячеславович Москва клиник илмий марказида (МCСC) илмий бўлим раҳбари бўлиб, у 24 йиллик тажрибага эга юқори малакали шифокор ҳисобланади. У анестезиология ва реанимация бўйича кўплаб илмий ишлар ва патентлар муаллифи ҳисобланади. Шунингдек, бемор хавфсизлиги, наркоз мониторинги ва сунъий вентиляция бўйича етакчи мутахассис ҳамдир.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров USPнинг Яқин Шарқ ва Африка ҳудуди Тартибга солиш масалалари ва давлат сиёсати бўйича минтақавий раҳбари Закия Ал-Курди билан учрашди.
Унда томонлар халқаро ҳамкорлик истиқболлари, фармацевтика маҳсулотлари сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Закия Ал-Курди Марказнинг замонавий жиҳозланган лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда лабораторияларда фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини аниқлаш бўйича амалга оширилаётган илмий-техник ишларни юқори баҳолаб, мутахассислар билан суҳбатлашди.
Учрашув якунида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва АҚШ Фармакопеяси (USP) ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Ушбу битим билан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази АҚШ Фармакопеяси (USP)нинг Регуляторлар учун имтиёзли фойдаланиш (PAR) дастурига аъзо бўлди.
Бу эса USP тақдим этадиган ресурслар ва маҳсулотлардан имтиёзли фойдаланиш, АҚШ Фармакопеясидан фойдаланиш, USP Education платформасига уланиш ҳамда АҚШнинг ҳуқуқий ҳужжатлари, жумладан Food Chemicals Codex ва USP Dictionaryдан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази Ортопедия бўлими мутахассислари идиопатик сколиоз ташхиси билан навбатдаги жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди.
Таъкидлаш жоизки, бундай мураккаб операциялар илгари мамлакатимизда амалга оширилмаган бўлиб, бу Болалар миллий тиббиёт марказининг юқори малакали мутахассислар жамоаси ва замонавий технологияларга таянган ҳолда халқаро тажрибани ўзлаштираётганидан далолатдир.
Марказ болалар соғлиғини яхшилаш йўлида инновацион ёндашувларни амалиётга жорий қилишда давом этмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА