Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони ҳамда қарорига асосан жорий йилнинг 9 августида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт мутахассисларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хорижда ўқитиш, малака ошириш (стажировка ўташ) ва қайта тайёрлаш, шунингдек, хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишни ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди.
Унга мувофиқ ҳудудларда тор соҳадаги мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олий таълим муассасаларининг 200 нафар битирувчисини магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда марказларида ўқитиш, соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат тиббиёт муассасалари ходимларини хорижда малака ошириш (стажировка) ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади.
Шунингдек, уларнинг ўқитилиши, малака ошириши ва тажриба алмашишини республикада амалга ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Сингапурнинг «Esco Micro» компанияси мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида компания томонидан лаборатория жиҳозларини етказиб бериш, уларга хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш, келажакда илдиз ҳужайраларига ихтисослашган лабораториялар ташкил этиш, «in vitro» уруғлантириш марказларини яратиш ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликда ишлаб, қатор лойиҳаларни белгиланган тартибда амалга оширишга келишиб олди.

***
Миллий тиббиёт марказида ҳамширалар учун навбатдаги ўқув амалий семинари ташкил этилди. Унда қўл ювиш техникаси ва моҳияти, ЭКГ олиш техникаси, ангиокарт қўйиш ва вена ичига инъекция қилишда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳақида сўз борди.
Ҳозирда Марказда 230 нафарга яқин ҳамшира фаолият олиб бориб, бундай тадбирлар уларнинг билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

***
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директорнинг ўринбосари У.Кандимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга тайёргарлик ишларини ўрганди.
Электрон поликлиника, тиббий бригадалар, шифокор олди кўрув хоналарининг фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА