Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасида Польша давлат делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувни Марказ директори Алишер Темиров олиб борди. Европа Иттифоқи давлатларида дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳамда Ўзбекистонда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказишнинг янги такомиллашган талаблари лойиҳаси муҳокама қилинди.
***
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) «Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси мутахассислари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Халқаро экспертлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Учрашувда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш буйича GIZ билан ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
***
Тошкент шаҳридаги «Radiks» масъулияти чекланган жамиятига қарашли дори воситалари ишлаб чиқариш заводида янги линия ишга тушди. Бу линия орқали йилига 5 миллион қадоқда капсула, саше пакет, таблетка ва флаконда кукун дори воситалари ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқариш жараёни замонавий ёпиқ тизимли бўлиб, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Ушбу лойиҳанинг ишга тушиши натижасида корхонада 50 та янги иш ўринлари яратилди.
«Radiks» корхонаси 2002 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар инфузион ва инекцион эритмалар, стерилланган антибиотиклар, суртмалар, шамчалар ва суюқ дори воситалари ишлаб чиқаради.
***
Пойтахтимизда жойлашган Миллий тиббиёт маркази ҳузурида маслаҳат поликлиникаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда тиббиётнинг 25 дан ортиқ йўналиши бўйича юқори малакали шифокорлар аҳолига 33 турдаги бирламчи тиббий хизматларни тақдим этиб келмоқда.

Поликлиникада беморларга амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, касалликларнинг профилактикаси олиб борилади.

Поликлиника замонавий тиббий анжом ва ускуналар билан таъминланган бўлиб, бир кунда 350 нафардан зиёд беморни қабул қилиш ва ташхис қилиш қувватига эга.
Моҳигул Қосимова, ЎзА