Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида «Оториноларингология, бош-бўйин касалликларини ташхислаш ва даволашга замонавий ёндашув» мавзусида халқаро анжуман ўтказилмоқда.
Тадбирни кириш сўзи билан соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров очиб берди.
Анжуманда маҳаллий мутахассислар билан бирга Германия, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан етук соҳа вакиллари иштирок этмоқда.
***
Шунингдек, Тошкентда «Педиатрияда инновацион технологиялар» мавзуида V халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбирни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова очиб берди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва қўшни давлатларнинг таниқли етакчи экспертлари фикрлари билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Таъкидланганидек, ушбу форум тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимидаги илғор хорижий клиникалар ва олий тиббий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.
Форумнинг якуний қисмида маҳорат дарслари ташкил этилиб, унда иштирокчилар жаҳонда касалликларни ташхислаш ва даволашдаги сўнгги ютуқлар, энг янги илмий ишланмалар, педиатрия касалликлари билан боғлиқ барча йўналишларни ривожлантириш истиқболлари билан танишди.
***
Пойтахтимизда ўтказилган яна бир тадбир «Қандли диабетни бошқаришда замонавий ёндашув» мавзуида бўлди.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология ҳамда кардиология илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро илмий-амалий анжуман юртимиз ҳудудларидан келган соҳа мутахассислари ва хорижлик етакчи олимларни бир жойга жамлади.
Анжуманда маҳаллий ва чет эллик экспертларнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари соҳанинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашди.
***
Тошкентда ташкил этилган «Репродуктив технологиялар – янги ҳаётга йўл» мавзусидаги халқаро мутахассислар иштирокидаги Ўзбекистон репродуктив тиббиёт ассоциациясининг II Конгресси ҳам қизғин руҳда кечди.
Унда юртимиздаги соҳа вакиллари билан биргаликда Хитой, Япония, Испания, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Озарбайжон, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан етакчи мутахассислар иштирок этди.
***
Юртимиз бўйлаб «Ҳамшира-2024» кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилди. Вилоятлардаги даволаш-профилактика муассасаларидан иштирок этган ҳамширалар орасидан энг яхшилар аниқланди.
Вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган ҳамшираларга кўрик-танловнинг республика босқичи йўлланмаси тақдим этилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА