Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган гепатит С га қарши “Sofosbuvir-400mg“ дори воситасининг жорий йилдаги тўртинчи партияси Тошкентга етказилди.
Жами 6720 донадан иборат мазкур препаратлар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланиши белгиланган.
Миср ҳукумати 2025 йилга қадар умумий қиймати 4,2 миллион АҚШ долларилик жами 800 минг дона “Даклатасвир”, Софосбувир“ ҳамда ”Энтекавир” дори воситаларини юртимизга беғараз кўмак сифатида тақдим этишни режалаштирган.
***
ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, “Зарур фармакологик назорат амалиёти – GVP” стандарти жорий этилиб, вазирликда дориларнинг ножўя таъсири тўғрисида электрон база шакллантирилади. Бу ҳақдаги маълумотларни тиббиёт ходимлари ва аҳолига тезкор етказиш йўлга қўйилади. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Зарур амалиётлар маркази давлат корхонаси сифатида қайта ташкил этилади.
Шунингдек, телерадиоканаллар орқали дорилар ва биологик фаол қўшимчаларни реклама қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этиладиган махсус кенгашнинг хулосаси асосида мумкин бўлади.
***
Болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ малакали шифокорлари Навоий вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, тиббий кўриклар ташкил этди.
Урология, нейрохирургия, кардиология, неврология, офтальмология, хирургия йўналишидаги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан бемор болаларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлар ўтказилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА