Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари давлат рўйхатидан ўтказилади
Тиббиёт – инсон ҳаёти билан боғлиқ энг масъулиятли соҳа. Унда фаолият юритаётган кадрларнинг билим савияси, малакаси ва касбий масъулияти доимо жамоатчилик эътиборида бўлиши табиий.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори соҳада шаффофликни таъминлаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш ҳамда илғор халқаро стандартларни амалиётга жорий этишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, бугунги кунда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини тизимли баҳолаб бориш, уларнинг масъулиятини янада ошириш талаби кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланган. Қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, 2030 йил 1 январдан бошлаб юртимизда тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи фақат муайян мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтказилган шахсларга беш йил муддатга берилиши белгиланди. Бу эса ўз навбатида, мазкур йўналишда фаолият юритаётган ҳар бир мутахассиснинг мақомини аниқ белгилаб бериб, соҳага тасодифий ёки малакаси етарли бўлмаган шахсларнинг кириб келишининг олдини олишда қатъий тўсиқ вазифасини ўтайди.
Ривожланган хорижий давлатлар тиббиёт амалиётида шифокорларнинг касбий фаолият юритиш ҳуқуқини вақти-вақти билан қайта тасдиқлаш (лицензиялаш ёки ревалидация) тартиби аллақачон одатий амалиётга айланган. Ушбу тизим соҳа ходимларининг замонавий илмий янгиликлардан доимий хабардорлигини таъминлаб, тиббиётдаги глобал стандартларга интеграциялашувни тезлаштиради. Юртимизда жорий этилаётган давлат рўйхатидан ўтказиш механизми ҳам айнан ана шундай илғор хорижий ёндашувлар билан уйғун бўлиб, миллий тиббиётимизни жаҳон талаблари даражасига кўтаришга хизмат қилади.
Янги тизимнинг эътиборли жиҳати шундаки, фуқаролар ва мутахассисларнинг кундалик фаолиятига ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликлар келтириб чиқармаслик мақсадида муайян ўтиш даври ҳам назарда тутилган. Хусусан, 2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар ходимлар ўз мутахассислиги бўйича ихтиёрий тартибда махсус имтиҳон натижаларига кўра ёки малака тоифаларини бериш жараёнида автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкинлиги тизимнинг лойиҳавий мослашувчанлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, камида 20 йиллик иш стажига ва илмий даражага эга бўлган тажрибали мутахассисларнинг махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилиши соҳа фидойилари меҳнатига ҳурмат ва эътиборнинг яққол ифодаси. Албатта, бунда мурожаат санасига қадар мутахассислиги бўйича уч йил ёки ундан ортиқ вақт давомида узлуксиз касбий фаолиятни амалга оширмаган шахсларнинг бундан мустасно қилиниши касбий маҳорат барқарорлигини таъминлашга қаратилган мантиқий ва асосли талаб ҳисобланади.
Тиббиёт соҳасидаги ҳатто энг кичик хато ёки малакасизлик инсон тақдирига бевосита таъсир қилиши мумкин. Шу боисдан, ҳар бир шифокорнинг давлат реестридан ўтгани, унинг мутахассислиги ва касбий ҳуқуқи қонуний кафолатлангани фуқароларнинг шифохоналарга ва умуман, соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. Ўз навбатида, беморларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Рақамлаштириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш масаласи ушбу тартибнинг яна бир устун жиҳатидир. Барча мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки махсус Тиббий малака платформаси орқали электрон шаклда, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар сутканинг исталган вақтида юборилиши мумкинлиги фуқаролар учун максимал қулайлик яратади. Ваколатли орган – Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан аризалар қисқа муддатда ўрганилиб, гувоҳномалар тўлиқ электрон шаклда расмийлаштирилиши ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика мутахассисларининг ягона электрон реестри орқали текширилиши жараённинг шаффофлигини таъминлаш ва ортиқча қоғозбозликка барҳам беришда муҳимдир.
Ҳар беш йилда қайта рўйхатдан ўтиш талаби шифокорларни фақатгина бир марта олинган диплом билан чекланиб қолишдан асрайди. Ушбу тартиб мутахассисларни мунтазам равишда ўз устида ишлашга, илмий конференциялар, маҳорат дарслари ва малака ошириш курсларида фаол қатнашишга ундайди. Натижада тиббиёт ходимларининг интеллектуал салоҳияти йил сайин ошиб, амалиётга энг сўнгги даволаш ва ташхислаш усуллари кенг жорий этилади. Бу, тиббиёт сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишини таъминлайди.
Умуман олганда, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимининг жорий этилиши соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, шифокорларнинг масъулиятини янада ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифати ва хавфсизлигини кафолатлайди. Соғлиқни сақлаш тизимининг янада ривожланиши ва халқимизнинг тиббий хизматлардан рози бўлишини таъминлайди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА