Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига янги вазифалар юклатилди
Президентимизнинг янги Фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) этиб қайта номланди.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Агентликка қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:
нодавлат тиббиёт ташкилотлари тармоғини ривожлантириш, уларнинг соғлиқни сақлаш тизимига интеграциясини таъминлаш, илғор тиббий технологияларни жорий этиш борасида уларни қўллаб-қувватлаш;
тиббиёт ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар (кейинги ўринларда – инвестиция)ни жалб этиш, ДХШ ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
давлат тиббиёт ташкилотларини стратегик ривожланиш дастурлари асосида бошқарувга беришда иштирок этиш;
соғлиқни сақлаш тизимида “ягона дарча” тамойили асосида маҳаллий ва хорижий инвесторларга консалтинг ва бошқа хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;
соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг мастер режасини ишлаб чиқишга ва уни такомиллаштириб боришга кўмаклашиш.
Шунингдек, Агентлик таъсисчилигида акциядорлик жамияти шаклидаги “Health Invest” компанияси (кейинги ўринларда – Компания) ташкил этилади.
Агентлик қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилади.
Агентлик директорига соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари учун белгиланган ваколатлар берилади ҳамда унинг зиммасига соғлиқни сақлаш соҳасида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар юклатилади.
ЎзА