Тиббиёт ташкилотларида “Сирли мижоз” тадбирлари ўтказилади
Баъзи хусусий ёки давлат тиббиёт муассасаларида клиник протоколлардан четга чиқиб, қўшимча текширувлар ўтказиш, ортиқча тиббий таҳлил ва зарур бўлмаган дори воситалари ёки биологик фаол қўшимчаларни буюриш ҳолатлари учраётгани сир эмас.
Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Рақобат қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра, вазирликнинг Комплаенс-назорат бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан вазирлик клиник протоколларига амал қилинганлиги ёки четга чиқилганлиги ҳамда соҳада турли йўналишда коррупциявий ҳолатлар юзасидан тегишли хулосалар берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги 667-сон қарори асосида тасдиқланган тегишли низомга мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни тайинлаш, реализация қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини назорат қилишда "Сирли мижоз" тадбирларини ўтказиш белгиланган. Бундай тадбирлар фақатгина аудио ёки видеокузатув мосламаларидан яширин фойдаланилган ҳолда уюштирилади.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда барча тиббиёт ташкилотларида “Сирли мижоз” тадбирларига старт берилди.
М.Қосимова, ЎзА