Тиббиёт таълимида сифатни ошириш – долзарб вазифа
Бугунги кунда тиббиёт соҳаси ҳар бир давлатнинг энг муҳим ва масъулиятли йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки шифокорларнинг билим даражаси бевосита инсон ҳаёти ва соғлиғига таъсир қилади. Инсон ўз ҳаётини ишониб топширадиган касб эгалари айнан шифокорлардир. Шу сабабли тиббиёт таълими тизимини ривожлантириш ва сифатини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланмоқда.
Афсуски, бугунги кунда айрим ҳолларда билим даражаси етарли бўлмаган мутахассислар сабабли беморлар азият чекмоқда. Бу эса жамиятда тиббиёт тизимига бўлган ишончни пасайтиради.
Ҳозирги тизимда айрим талабалар техникум ёки ўрта махсус таълим муассасаларига паст балл билан кириб, қисқа муддат ичида тиббиёт соҳасига кириб келмоқда. Улар етарли даражада билим ва тажрибага эга бўлмасдан туриб амалиётга киришаётгани эса жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Масалан, бир танишим шифокорга кўринганида, шифокор унда битта ўпка йўқлиги бўйича ташхис қўйган. Кейинчалик бошқа малакали шифокорга мурожаат қилинганда, бу ташхис нотўғри экани аниқланган. Бундай ҳолатлар нафақат беморнинг соғлиғига, балки унинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Яна бир мисол сифатида шуни айтиш мумкинки, баъзи беморлар оддий касаллик билан шифохонага мурожаат қилади, аммо нотўғри ташхис сабабли уларнинг даволаниши чўзилиб кетади ёки аҳволи оғирлашади. Бу эса вақт ва маблағнинг беҳуда сарфланишига олиб келади.
Муаммо фақат технологияда эмас, балки инсон омили, яъни кадрлар сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Шу сабабли тиббиётда “сифатли кадр” тамойили ниҳоятда муҳим. Чуқур билимга эга, масъулиятли ва замонавий тиббиётдан хабардор шифокорлар ҳар қандай жамиятнинг энг катта бойлигидир.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун бир нечта муҳим чораларни амалга ошириш зарур, назаримда.
Биринчидан, тиббиёт таълими фақат кучли университетлар асосида ташкил этилиши керак. Таълим жараёни янада қатъийлашиб, талабалар чуқур назарий билим билан бирга, етарли амалий тажриба ҳам олишлари лозим. Амалиёт соатларини кўпайтириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш зарур. Талаба реал амалиёт орқали ҳам ўрганиши керак.
Тиббиёт соҳасида ишлаш учун фақат диплом етарли бўлмаслиги, балки махсус синовлар ва малака текширувларидан ўтиш тизими йўлга қўйилиши керак. Бу орқали ҳақиқатан ҳам билимли ва масъулиятли мутахассислар сараланади.
Ўрта махсус ва техникум битирувчиларини тўғридан-тўғри мустақил тиббий фаолиятга жалб қилиш ўрнига, уларни ёрдамчи мутахассис сифатида фаолият юритишга йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, тиббиёт соҳасида сифатни ошириш – бу инсон ҳаётини ҳимоя қилиш демак. Ҳар бир нотўғри ташхис ортида бир инсон тақдири туради. Шу сабабли, тиббиёт таълимида сифатни биринчи ўринга қўйиш, кучли университетлар тизимини ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Инсон ўз ҳаётини шифокорга ишониб топширади. Бу ишончни оқлаш эса ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳам бурчи, ҳам масъулиятидир.
Махлиё ИСРОИЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
ЎзА