Тиббиёт: офталмологияда ёш олимларнинг ўрни
Ташкил топганига унча кўп бўлмаган Миллий тиббиёт марказининг Кўз микрохирургияси бўлимида фаолият юритаётган ёш тажрибали офталмолог жарроҳлар томонидан катаракта, глаукома (кўрув нервининг шикастланишига олиб келадиган кўз касалликлари), птеригиум, астигматизм, халязион каби ўнлаб турдаги мураккаб операциялар амалга оширилмоқда.
Марказда ташкил этилган “Илғор офталмологияда ёш олимларнинг ўрни ва роли” мавзусидаги халқаро конференцияда кўз касалликлари ва унинг олдини олиш борасида соҳага доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, конференцияда марказнинг ёш малакали офталмологлари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат стоматология институти ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу конференция офталмология соҳасида илғор диагностика ва даволаш усуллари, инновацион ёндашувлар бўйича ҳам муҳокамаларга бой ўтгани билан аҳамиятли бўлди.
Маълумот учун, Миллий тиббиёт маркази бошқа шифохоналардан фарқли равишда, универсал ҳисобланади. Бу ерда жарроҳлик, урология, трансплантология, травматология-ортопедия, гинекология, кардиохирургия, нефрология, кардиология, эндокринология, кардиоревматология, стоматология ва бошқа бўлимлар ташкил этилган. Жами 169 турдаги 1000 дан зиёд илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган.

Марказ 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, амбулатор ва стационар тартибда 200 дан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилади. Йилига уч мингдан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш қуввати ва имконияти мавжуд.
Моҳигул Қосимова, ЎзА