Тиббиёт муассасалари депутатлар назоратида
Тиббиёт — инсон ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган соҳа. Мазкур соҳада қатор ислоҳотлар олиб борилаётгани алоҳида эътиборга молик. Ушбу йўналишдаги амалий ислоҳотлар эса тиббий ёрдам сифатини ва унинг аҳолига етказилиш имкониятини оширишга, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда касалликларнинг замонавий профилактика тизимини шакллантиришга қаратилган.
Шу кунларда ҳудудларда бўлиб турган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қатор тиббиёт масканларига ҳам ташриф буюриб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари билан танишмоқда. Жумладан, депутат О.Литвинова "Катта Қўйлиқ" ва "Тонг" маҳаллалари, 29-сонли оилавий поликлиника ҳамда шаҳар болалар сил касалликлари шифохонаси фаолиятини ўрганди.

Депутат 29-сонли оилавий поликлиника фаолияти билан яқиндан танишар экан, муассасанинг терапевтлар, педиатрлар ва оилавий шифокорлар билан таъминланганлиги, аҳолининг профилактик кўриклари ташкил этилиши ва ёши улуғ фуқароларга патронаж ёрдами кўрсатилиши каби масалаларга эътибор қаратди.
Шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасида эса ходимларнинг меҳнат шароитлари, болаларнинг даволаниши ва овқатланиш жараёнлари, уларнинг психологик қўллаб-қувватланиши, сил касаллигини профилактика қилиш ва эрта аниқлаш, санитария-эпидемиологик ва экологик хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тиббиёт муассасаларида кўтарилган масалалар депутатлик назоратига олинди. Ўрганиш давомидаги тавсиялар бўйича аниқ чоралар кўрилиши учун тегишли давлат органларига юборилади.
М.Комилова, ЎзА