Тиббиёт ҳуқуқи ва рақамли трансформация (+видео)
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида тиббиёт ва саломатлик ҳуқуқига бағишланган нуфузли илмий-амалий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда тиббиёт ҳуқуқини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилишга қаратилди.
Тадбирда тиббиёт ҳуқуқининг бугунги кундаги энг муҳим йўналишлари кенг муҳокама қилинди. Хусусан, инсон органлари ва тўқималарини трансплантация қилиш, репродуктив технологиялар, суррогат оналик, генетик тадқиқотлар, шунингдек эвтаназия билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар илмий нуқтаи назардан таҳлил этилди. Шу билан бирга, бемор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шифокор хатоси ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимояси каби долзарб мавзуларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Германиядан келган экспертлар – Жералд Зандер ва Ханс Ёахим Райх иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Уларнинг маърузалари тиббиёт ҳуқуқини ривожлантиришда илғор хорижий тажрибани жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, тиббиёт ҳуқуқи бугунги кунда жамиятнинг рақамли трансформацияси шароитида соғлиқни сақлаш тизимининг қонунийлиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мутахассислар фикрича, келгусида мазкур йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро тажрибани кенг жорий этиш ҳамда инновациялар ва инсон ҳуқуқлари ўртасида мувозанатни таъминлаш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/L4_Fi9lsH6o?si=0wcxTslm8UnoOPHo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Салимжон Обиджонов, ЎзА