Тиббиёт бирлашмасидан эзгу ташаббус
Бухоро вилояти Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан муборак рамазон ҳайити кунлари эзгу амалга қўл урилди.

– Дастлаб ўтганлар хотираси ёдга олиниб, уларнинг руҳи покларига қуръон тиловат қилинди, – дейди бирлашма бошлиғи Жамшид Тоҳиров. –Ҳайит кунлари якка ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ҳамда ётоқдаги беморлар ҳолидан хабар олинди. Кардиолог, невропатолог, эндокринолог, терапевт, фтизиатор каби тор мутахассислар ҳамда УТТ ва ЭКГ аппаратлари билан жиҳозланган автобус рўйхат асосида шакллантирилган туманнинг 30 нафар аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказди. “Саховат ва кўмак” қутилари тарқатилди.

Туманда кўнгли ўксик қалбларнинг ҳолидан хабар олишдек эзгу ишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА