Тиббиётимиз тарихида ноёб лойиҳа
Пойтахтимизда тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қад ростлаган Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият бошлади.
Пойтахтимизда тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қад ростлаган Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият бошлади.
Лойиҳа қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 20 май куни қурилиши якунланган мазкур марказга ташриф буюриб, тегишли таклиф ва тавсияларини берган эди.
Марказнинг фаолият бошлаши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда тиббиёт ходимлари, кореялик меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатувчи ушбу марказда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия, гемодиализ ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.
Тўрт қаватли даволаш корпуси 280 ўринга эга, марказ таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача беморни қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мультиспирал компьютер томография, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Тиббиёт муассасасида йилига 1 минг 500 дан кўпроқ мураккаб ва ноёб амалиётларни бажариш имконияти мавжуд.
Марказда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳалар доирасида 100 нафардан ортиқ врач ва ҳамширалар, медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар Корея Республикасида малака ошириб қайтди.
Марказда болалар тиббиётининг турли йўналишлари бўйича инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиёти ва юқори технологик муолажаларни ташкил этиш, тиббиёт мутахассислари малакасини ошириб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, телемедицина орқали узоқ ҳудудлардаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади.
Маълумотларга кўра, келгусида марказ ҳудудида Корея Республикаси билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази ва тиббиёт олий ўқув юрти бунёд этилиши режалаштирилган. Бундай йирик тиббиёт комплекси ташкил этилиши ҳам тиббиёт илми, ҳам амалиётни энг илғор стандартлар даражасига кўтаришга хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон иштирок этди.